Фарзандини даволатиш учун саҳоватли инсонлардан ёрдам сўраб интернетда ҳисоб очган ангренлик аёлнинг пулларини ўзлаштириб олган мактаб ўқувчиси ушланди.
Бу ҳақда ИИБ хабар берди.
Қайд этилишича, Ангрен шаҳри “Тараққиёт” МФЙда яшовчи 45 ёшли фуқаро М.С. (аёл) ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унда фарзандини даволатиш учун моддий ёрдам йиғиш мақсадида ижтимоий тармоққа эълон берганини, шундан сўнг пластик картаси ҳисобига 600 минг ўтказишини айтиб қўнғироқ қилган номаълум кимса аксинча унинг ҳисобидан 2 млн сўмни ечиб олганини маълум қилган ва ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.
Аризага асосан, Тошкент вилояти ИИБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш ҳамда шаҳар ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни – Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи, 2004 йилда туғилган Ж.А. (11 синф ўқувчиси) содир этганлиги аниқланган.
"Ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Ж.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда",-дейилади хабарда.






