1

Тошкентда нашриётлар фаолиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

ЖАМИЯТ 20.04.2022, 20:19
Тошкентда  нашриётлар фаолиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

Бугун, 20 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Нашриётлар фаолияти таҳлили,  китобхонлар эҳтиёжини янада тўлқонли қондириш борасидаги долзарб вазифалар, истиқболдаги режалар” мавзусидаги амалий семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар берди. 

Тадбирда бугунги кунда ноширлик, матбаа ва китоб савдоси соҳасида долзарб муаммолар, китобларнинг мазмун мундарижасини баҳолаш мезонлари, ноширлик фаолиятида муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилиши, таржима асарларни нашр этиш, китобларга ИСБН ва даврий нашрларга ИССН халқаро стандарт тартиб рақамлари, ҳамда китобларга УЎК ва КБК индексларини тақдим этиш, Электрон ва аудикитоблар платформаси, Ноширлар ва китоб савдоси ташкилотлари Миллий ассоциацияси фаолияти ёритилди. 23 апрел-Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш кунига бағишланган мавзуга алоҳида тўхталиб ўтилди. Нашриётчилик соҳасидаги муаммо ва ечимлар, шунингдек, китобхонликни оммалаштириш борасида амалга оширилган ҳамда истиқболдаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан республикада чоп этилаётган китобларга ИСБН ва даврий нашрларга ИССН халқаро стандарт тартиб рақамлари, ҳамда  китобларга УЎК ва КБК индексларини тақдим этишнинг онлайн хизмати йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур хизмат турлари билан яқиндан танишиштириш, ушбу хизмат турининг  тартиби ва уларга риоя этилишининг аҳамияти тўғрисида тақдимотлар тайёрланди. Унда нашриётлар ва таҳририятлардан вакиллар, шунингдек ушбу хизматлардан фойдаланучилар иштирок этадилар. Тадбир қатнашчилари томонидан берилган савол ва таклифлар тадбирни  қизғин мунозарали тазрда бўлиб ўтишини таъминлади.

ИСБН –  китобнинг халқаро  стандарт тартиб рақами. У бутун жаҳонда нашр этиладиган ҳар бир китобни муайян тартибда белгилашга мўлжалланган бўлиб, китоб савдосини такомиллаштириш ва китобларни тарқатишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Халқаро китоб савдоси билан шуғулланувчиларнинг электрон катологларидаги китобларга оид маълумотлар ҳам ИСБН асосида яратилади.

ИССН – туркум нашрларнинг халқаро стандарт рақами бўлиб, бу ҳужжатларни тез ва самарали етказишнинг муҳим воситасидир. Туркум нашрларнинг Халқаро стандарт рақамланиши газеталар; журналлар; йилномалар; туркум аудио-видеонашрлар; туркум электрон нашрлар; микроташувчилардаги туркум нашрларга қўлланади.

УЎК – Универсал ўнлик классификация. Жаҳон миқёсида ишлатиладиган ахборот классификация тизими бўлиб, у фан, адабиёт ва санъат, вақтли нашрлар, турли хилдаги ҳужжатларни тизимлашда ва картотекалар тузишда қўлланилади.

КБК – Кутубхона-библиографик классификация. Жадвалнинг асосий вазифаси  матбуот асарларининг мазмунини очиб беришдан,  уларнинг билимларни илмий жиҳатдан асосланган мукаммал системаси сифатида тасаввур қилишдан ва шу тариқа керакли ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланишни максимал даражада енгиллаштиришдан иборат.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1