Вазирлар Маҳкамасининг 148-son қарори билан киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, тадбиркорлик субектлари томонидан мижознинг танишиши учун қулай жойларда (асосан ўзаро ҳисоб-китоблар амалга ошириладиган, шунингдек, кириш ва харидорга очиқ бўлган бошқа жойларда) қуйидаги маълумотлар жойлаштирилиши керак:
- юридик шахслар – корхона номи, СТИР, жойлашган жойи (почта манзили ва иш режими) ва ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код;
- якка тартибдаги тадбиркорлар – давлат рўйхатидан ўтказилганлик ва рўйхатдан ўтказган органнинг номи, ЖШШИР ҳамда ушбу маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код.
Бу солиқ тўловчилар фаолияти шаффофлигини таъминлаш билан бирга, солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар беришда истеъмолчиларга қулайликлар яратади.
Махсус QR-кодни жойлаштирмаслик савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Маълумот учун, бугунги кунда Республика бўйича 195 мингдан ортиқ тадбиркорлик субектларининг шахсий кабинетлари орқали QR-кодлар шакллантирилди.
Маълумотларни сканерлаш имконини берувчи махсус QR-код солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органлари томонидан шакллантириб берилади.






