24-25 апрель кунлари Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи мавжуд. Бу ҳақда "Ўзгидромет" хабар қилди.
Маълум қилинишича, эртага Ўзбекистоннинг катта қисмида қуруқ ва илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда Волга бўйи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келиши ҳисобига қисқа муддатли ёмғир ёғади.
Якшанба куни нам ҳаво массаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Кўпчилик вилоятларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва кундузи 20-25° дан юқори бўлмайди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши кузатилади.
25 апрель душанба куни ҳам Ўзбекистоннинг марказий ва шарқий ҳудудларида ёмғир ёғиши сақланиб туради.
24-25 апрелда тоғ олди ва тоғли ҳудудларда сел келиши хавфи мавжуд.
ФВВ сел хавфи бўлганда зарур ҳаракатлар бўйича тавсияларни эълон қилди.
Унга кўра:
➖ сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дархол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганлигини (бир неча дақиқадан 10-20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим;
➖ сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баланд мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3-5 соат давом этиши мумкин;
➖ сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.






