АсосийJamiyat

Ўзбекистонда бож тўловларидан озод қилинган электромобиллар улуши нега ўсмаяпти? Мутахассислар жавоб берди

'Ўзбекистонда бож тўловларидан озод қилинган электромобиллар улуши нега ўсмаяпти? Мутахассислар жавоб берди'ning rasmi

 “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Азизбек Шукуров, компаниянинг Стратегик режалаштириш, таҳлил ва ривожланиш бошқармаси бошлиғи Шафқатбек Алимов, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти директори Нуриддин Матчанов, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси масъул ходими Аҳролхўжа Тошхўжаев АОКА да ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқариш истиқболлари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири Карим Зарипов.

Бугунги кунга келиб, электромобиллар сезиларли даражада оммалашди. Электромобиллар бозори Европада ҳам МДҲ мамлакатларида ҳам ўсиб бормоқда. Агар 2020 йилда жаҳон бозирида электромобиллар 3 миллион донани ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 3 баробарга ошиб, 9 миллион донага етди. 2022 йилнинг ўрталарига келиб, бутун дунёда электромобилларнинг сони 20 миллионга етиши кутилмоқда.  

Дунёда электромобилларни ишлаб чиқариш бўйича Норвегия етакчилик қилиб келмоқда – 2021 йилда электромобиллар мамлакатдаги барча автомобиллар савдосининг 65 %ини ташкил қилган. Агар Европанинг бошқа давлатларига назар ташлайдиган бўлсак, 2035 йилга келиб электромобиллар улуши Нидерландияда (99 фоиз), Норвегия (99 фоиз), Швеция (80 фоиз), Дания (54 фоиз) ва Германияда (51 фоиз) кутилмоқда.

Баъзи мамлакатларда электромобилларни нима машҳур қилади? Биринчи навбатда, транспорт воситасининг  тежамкорлиги ва экологик тозалиги. Истеъмолчиларнинг электрокарларни танлаши нафақат ёқилғини тежаш истаги билан боғлиқ, балки ички ёнув двигателидан фойдаланганда муқаррар бўлган чиқиндилардан атроф-муҳитни ҳимоя қилиш истаги билан боғлиқ. Электромобилларнинг анъанавий автомобиллардан устунлиги уларнинг паст эксплуатация харажатларидадир. Агар электромобил 100 километрга (13 кВт/соат) 3800 сўм электр энергиясини сарфласа, анъанавий автомобиль ўртача 52 минг сўмга 8 литр ёқилғини сарфлайди, бу эса электромобилникидан 13 баробарга кўпдир. Шундай қилиб, ёқилғи тежамкорлиги йилига 10 миллион сўмни ташкил этади (йилига тахминан 20 000 км пробег ҳисобга олган ҳолда).  Шунингдек, электромобилларни танлашда мамлакатнинг экологик ҳолатидан кўпроқ манфаатдор бўлган давлат томонидан қўллаб-қувватланиши муҳим омил ҳисобланади. Электромобиллардан фойдаланишда етакчи бўлган барча мамлакатлар  электромобилларни харид қилмоқчи бўлган истеъмолчиларга уларни қўллаб қувватлаш учун субсидиялар беради. Масалан, электромобил учун ушбу субсидия Германияда 10 000 долларга, Франсияда 8 000 долларгача ва Хитойда 3 500 долларгача етади.  

Ўзбекистонда электромобиллар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам “Яшил транспорт”ни ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони мамлакатимизда электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни кенгайтиришга, шунингдек, “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган. Бундан ташқари, ҳукумат қарори билан 2019 йилда электромобил учун бож тўлови бекор қилинди. Бироқ ушбу чора-тадбирлар электромобиллар улушининг ўсишига олиб келмади. Айни пайтда Ўзбекистон автомобил йўлларида 2 мингдан ортиқ электромобил бор. Экспертларнинг фикрича, бу ҳолат кўп жиҳатдан электромобилларнинг юқори нархлиги, шунингдек, зарур инфратузилманинг йўқлиги (бутун Ўзбекистон бўйича атиги 36 та зарядлаш стансияси мавжуд) билан боғлиқ.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, “Ўзавтосаноат” АЖ Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш дастурини ишга туширди. Жорий йилнинг феврал ойида “Ўзавтосаноат” АЖ Хитойнинг энг йирик элекромобил ишлаб чиқарувчи компанияси BYD Auto Industry Ltd. билан ўзаро Англашинув Меморандумини имзолаган.

Ҳамкорлик доирасида томонлар енгил автомобиллар ҳамда автобусларни ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳани Ўзбекистоннинг янги энергия манбаида (НЕВ- гибридлар, электромобиллар ва электроавтобуслар) амалга ошириш имкониятларини ўрганишни келишиб олишди. Шунингдек, лойиҳа ўз ичига савдо ва сервис хизмат кўрсатиш шу жумладан, электромобиллар аккумуляторлари ҳамда электродвигателларга техник хизмат кўрсатиш тармоғларини яратишни ўз ичига олади.

Келишувга кўра, жорий йилнинг май ойидан бошлаб тақдим этилган намуналар асосида Ўзбекистондаги электромобиллар бозори ўрганилади. Ўрганилган маълумотлар лойиҳа учун бизнес-режани ишлаб чиқишга имкон беради, лойиҳани амалга оширишнинг кейинги босқичида ишлаб чиқариш тўғрисида шартнома имзолаш ва қўшма корхона ташкил этиш бўлади.

Маълумот учун, BYD Auto Industry Ltd– БЙД Cо Лтд трансмиллий компаниясига тегишли корхона бўлиб, у янги энергия манбаларидан (НЕВ) фойдаланган ҳолда транспорт воситаларини ишлаб чиқаради. Турли мамлакатларда 8 та заводга, Р&Д марказлари эга бўлиб, НЕW савдоси бўйича дунёда 2-ўринни, Хитойда эса 1-ўринни эгаллайди. Тиме журнали талқинига кўра, компания дунёнинг 100 та энг нуфузли компаниялари рўйхатидан Теслани сиқиб чиқариб, рейтингга кирди.

    Бошқа янгиликлар