Хитой ҳукумати Шанхайда кунига COVID-19 билан касалланганлар орасида 39 та ўлимни қайд этди. Бу ҳақда Channel NewsAsia хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бу шаҳарда блокировка бошланганидан бери кунлик ўлимнинг энг юқори кўрсаткичидир.
Тахминан 25 миллион аҳолига эга ушбу шаҳарда ўлим ҳолатларининг умумий сони ҳозирда 87 тани ташкил этади. Каналнинг таъкидлашича, сўнгги ҳафталарда расмийлар томонидан ҳар куни минглаб янги СOVID-19 инфекцияси ҳолатлари қайд этилган бўлса-да, биринчи Шанхайда ўлим ҳақидаги маълумотлар фақат 18 апрелда айтилди.
Айни вақтда Хитойда ўтган сутка давомида 22 мингга яқин СOVID-19 ҳолати аниқланган. Шанхайда 21 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган.
28 март куни Шанхайда карантин жорий этилди, аксарият корхоналар, бозорлар ва дўконлар ишламай қолди, одамларга уйда қолиш буюрилди. Шанхай ҳар куни шаҳар бўйлаб COVID-19 учун тест ўтказмоқда ва ижобий натижа берганлар изоляция марказларига юборилади.






