3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни ҳамда 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишлаб, Масс-медиа фонди ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби томонидан “Заковат” турнири ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ўзининг телеграм каналида маълум қилди.
Турнирда Ўзбекистон Республикасида расман фаолият кўрсатаётган барча оммавий ахборот воситалари жамоаси, шунингдек блогерлардан таркиб топган эркин жамоалар иштирок этиши белгиланган.
Энг эътиборлиси, турнирнинг соврин жамғармаси 200 миллион сўм!
1-ўрин — 100 миллион сўм;
2-ўрин — 60 миллион сўм;
3-ўрин — 30 миллион сўм;
4-ўрин — 10 миллион сўм
билан мукофотланади.
Ҳар бир ОАВ номидан 1 та жамоа иштирок этиши мумкин ва таркибга киритилган иштирокчилар ушбу ОАВда расмий меҳнат шартномаси билан ишлаётган ходим бўлиши шарт (блогерлар учун бундай талаб йўқ).
Эслатиб ўтамиз, жамоалар таркиби 6 нафар асосий ва 1 нафар захира иштирокчидан иборат бўлади (захира иштирокчи мажбурий эмас). Жамоалар таркибида “Заковат” клубининг профессионал билимдонлари бўлишига рухсат берилмайди.
Аризалар 2022 йилнинг 5 май (шу куни ҳам) кунига қадар қабул қилинади.
"Ҳурматли журналистлар, блогерлар, интеллектуал турнирида, албатта, иштирок этинг" дейилади хабарда.






