Сенатнинг йигирма бешинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2021 йилда ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда фирибгарлик сўнгги 4 йилда 4 бараварга, (2018 йилда 6 483 та, 2019 йилда, 6 321 та, 2020 йилда 10 496 та, 2021 йилда 24 554 та), киберфирибгарлик эса сўнгги
3 йилда 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган.
"Биз аҳолимизда фирибгарлик, киберфирибгарликка қарши “иммунитет” пайдо қилишимиз керак. Алданиб қолмаслиги учун керакли маълумотни етказишимиз, осон даромад топиш илинжида тузоққа тушиб қолмаслиги чораларини кўришимиз керак.
Иккинчи томондан, давлат органлари хушёр бўлиб, фирибгарлик ҳолатларини олдини олиб бориши зарур Яқиндаги битта хусусий клиника атрофидаги ҳолатларда, давлат бу клиникага лицензия берган, қонуний ишлашига ишонч билдирилган, мана энди бутун халқни алдагани маълум бўляпти.
Жиноятчилар жавобгарликка тортилиб зарарни тўлиқ қопламасдан бир оз муддат озодликдан маҳрум қилиниб яна озодликка чиқиши кузатилиши мумкинки, бу ҳам аҳолида салбий кайфиятни пайдо қилиши мумкин. Шунинг учун фирибгарлик содир этган ва зарарни тўлиқ тўламагани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахслар, жазони ўташ давомида тўлиқ зарарни қопламаган бўлса шартли озод қилинмаслигини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди", - дейди Русланбек Давлетов.






