Президент Фармони ижроси юзасидан Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан Рамазон ҳайити байрами муносабати билан 5 кунлик: 30 апрель ва 1-2-3-4 май кунлари аҳолининг дам олиш кунларини мароқли ташкил этиш ҳамда ички туризмга жалб этиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан эълон қилинган республика бўйлаб чегирмалар тўғрисида маълумотлар жамланди. Жумладан:
1. “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан байрам муносабати билан 2022 йил 2 майдан 4 майгача амалга ошириладиган маҳаллий авиақатновларнинг барча тарифларига 50% чегирма жорий қилинди.
2. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Рамазон Ҳайити байрами арафасида йўловчиларга янада кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида, жорий йилнинг 3-4-5 май кунлари, Самарқанд – Тошкент – Самарқанд йўналишида 767/768-сонли юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездининг қўшимча қатнови йўлга қўйилади.
3. “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги пуллик кириш чипталари жорий қилинган маданий мерос обектлари (зиёратгоҳ ва қадамжолар)да жорий йилнинг 30 апрель ва 1-2-3-4 май саналарида юртимиз фуқаролари учун кириш чипталар нархига катталар учун 20 фоиз ҳамда ёшлар учун 50 фоиз чегирмалар жорий қилинди.
Шу билан бирга, республика бўйлаб жойлашган музейлар, меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари томонидан ихтиёрий чегирмалар тақдим этилмоқда.






