“Интеллектуал мулк соҳасини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорга мувофиқ, Давлат божхона қўмитаси Интеллектуал мулк объектларининг божхона реестрига (Реестр) киритилган товар белгилари бўйича қонунчилик талаблари бузилиши ҳақида хабар беради.
2022 йил 1 сентябрдан “Ягона дарча” божхона тизими орқали интеллектуал мулк объектларини Реестрга киритиш тўғрисидаги аризаларни электрон юбориш ва ариза ҳолатини онлайн кузатиб бориш ҳамда натижаси бўйича аризачиларни хабардор қилиш тартиби йўлга қўйилади.
2023 йил 1 январгача интеллектуал мулк объектларининг аукцион савдосини ўтказадиган “Интеллектуал мулк – барча учун” махсус интернет-аукцион савдо платформаси ишлаб чиқилади.
2022 йил 1 октябргача Интернетда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган веб-сайтлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи “Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонунбузилишлар реестри” ахборот тизими ишга туширилади.
Қарор билан 2022–2026 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.






