1

Харид чеклари учун берилаётган кешбеклар ҳақида батафсил

ЖАМИЯТ 29.04.2022, 16:06
Харид чеклари учун берилаётган кешбеклар ҳақида батафсил

Жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларга онлайн назорат-касса техникаларидан берилган чеклар сони 184,6 млн. тани ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,8 бараварга (80,8 млн.) кўп демакдир. Биринчи чорак давомида онлайн-кассалардан 147,1 млн. та чек чоп этилган бўлса, 2021 йил 1-чорагида 80,9 млн. та чек чоп этилган. Бу ҳақда 28 апрель куни Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Сервис соҳасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш” мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

2021 йил 4 октябрда қабул қилинган 5252-сонли Президент қарорига мувофиқ, Давлат солиқ қўмитаси томонидан 2022 йил 1 январдан жисмоний шахсларга харид суммасидан 1 фоиз қайтариш (кешбек) амалиётининг жорий этилиши ҳам савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаб, яширин иқтисодиётни қисқартиришда муҳим аҳамият касб этади. Қуйида мазкур амалиётга доир кўп туғилаётган саволларга жавоблар келтирилган:

Кешбек қачон тўловга чиқарилади?

Онлайн-НКМ ва виртуал касса чекларини Солиқ мобил иловасида рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга харид суммасидан 1% кешбек тўлаш ҳар ой якуни билан кейинги ойнинг 21-25-саналарида амалга оширилади. Яъни, апрел ойида рўйхатдан ўтказилган чеклар учун ҳисобланган кешбек суммаси май ойининг 21-25-саналарида тўловга чиқарилади.

Тўловлар қайси ҳисобга тушади?

Истеъмолчилар тасдиқланган кешбек суммаларини мобил иловага бириктирилган банк картасига ўтказиб олиши мумкин. 

Нега бунчалик кеч тушади?

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, солиқ тўловчилар томонидан солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатлари ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасигача этиб белгиланган. Шунингдек, харид қилинган товарлар қайтарилган тақдирда тадбиркорлик субъектларида харид чекларига тузатиш киритиш имконияти берилади.

Шу пайтгача қанча кешбек суммаси тўланди?

Истеъмолчилар томонидан жорий йил I чораги давомида 11,6 млн.та чек рўйхатдан ўтказилган, уларнинг умумий харид суммаси 10,7 трлн. сўмдан зиёд. Ушбу чекларга 107,1 млрд. сўм кешбек ҳисобланган. Истеъмолчиларга тўланган жами кешбек суммаси 58,9 млрд. сўмни ташкил этмоқда.

Бекор қилинганлари-чи?

Маҳсулот ва хизматларнинг идентификация коди (МХИК) нотўғри кўрсатилганлиги ёки сотувчи томонидан нотўғри урилган чеклар бекор қилинганлиги сабабли ҳисобланган 9,5 млрд. сўм кешбек бекор қилинган.

Нега айрим кешбек тўловлари кечикмоқда?

Бугунги кунда:

  • 7 244 та тадбиркорлик субъекти томонидан солиқ қарзи тўланмаганлиги сабабли 7,1 млрд. сўм;
  • 11 437 та тадбиркорлик субъекти томонидан ҳисоботлардаги камчиликлар тузатилмаганлиги сабабли 14,6 млрд. сўм кешбек маблағлари тўланмасдан қолмоқда;
  • яна 988 нафар фойдаланувчи томонидан 62,1 мингта чек учун ҳисобланган 16,6 млрд. сўм кешбек шубҳали (қуйида изоҳ берилмоқда) бўлгани сабабли ўрганиш натижасидан келиб чиқиб тўлаб берилади.

Кешбек ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги

Харид чекларида МХИК тўғри кўрсатилган барча товар (хизмат)лар учун кешбек ҳисобланади. МХИК кўрсатилмаган ёки мавжуд бўлмаган идентификация коди акс эттирилган маҳсулот (товар ва хизмат)лар суммасига кешбек ҳисобланмайди.

“Шубҳали ҳаридорлар” кимлар?

Истеъмолчи кешбекка эга бўлиши учун харид чекини рўйхатдан ўтказганда уни аввал бошқа фойдаланувчи рўйхатдан ўтказган бўлса, ҳақиқатда харидни амалга оширган шахс ушбу фойдаланувчи устидан шикоят йўллаши мумкин. Бунда битта фойдаланувчига нисбатан шикоятлар сони 15 та ва ундан кўп бўлса, ушбу фойдаланувчи “шубҳали харидор” деб ҳисобланади ҳамда жорий ой учун ҳисобланган кешбеклари бекор қилинади, чекни рўйхатдан ўтказиш имконияти чекланади.

Ишбилармонлар!

Бундан ташқари, кешбек амалиёти давомида назорат-касса техникаларига техник хизмат кўрсатиш марказлари (ТХКМ) ходимлари вазифаларини суиистеъмол қилиб, ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказиш ҳолатлари аниқланмоқда. Хусусан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281 та тадбиркорлик субъектининг 11 млрд. сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган. Ушбу шахслар томонидан харидни амалга оширмасдан рўйхатга олинган чеклар учун ҳисобланган кешбек суммаси бекор қилинган. 

 

Харидингиз учун сотувчилардан махсус QR-кодли чек талаб қилинг. Чекингизни “Солиқ.уз” иловаси орқали рўйхатдан ўтказинг ва харидингизнинг 1 фоизи миқдорида кешбекка эга бўлинг.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1