Бироз аввал Муҳаммад Раҳимхон (Феруз) томонидан 1897 йилда қурдирилган Хивадаги “Қибла тоза боғ” хон боғ саройи туристик маршрутларда йўқлиги ҳақида маълум қилиб, Маданий мерос агентлигига бу саволни очиқ қолдирган эдик.
27 апрель куни АОКАда бўлиб ўтган “Маданий мерос агентлиги фаолияти таҳлили ва давлат дастури ижроси” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида агентлик директори Шахрулло Нуруллоев мазкур саволга изоҳ берди.
Савол: Яқинда Хоразм вилоятида бўлдик ва ўз ташаббусимиз билан “Қибла тоза боғ” саройига бордик. Саволим шундан иборат — нима учун шундай ажойиб жой туристик маршрутга киритилмаган?

Шахрулло Нуруллоев:
— “Қибла тоза боғ”га алоҳида борганингиз учун сизга катта раҳмат. Бизнинг объектларимиз тарғиботини юритаётганингиз, уларнинг аҳамиятини очиб бераётганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистонда бундай эътиборга молик жойлар жуда кўп. Бу йил режага кўра Қибла Тоза боғда 4,5 миллиард сўмга реставрация ишлари олиб бориш мақсад қилинган. Аслида ушбу объект учун бу маблағ етарли эмас. Масалан, Хива хони учун ёзги сарой вазифасини ўтаган объектнинг ортида жуда уникал бино бор. У ерда 20 аср бошларида иссиқхона қурилган ва гуллар етиштирилган. Бу гулхонага кирсангиз ҳайратда қоласиз. Энди, туристик йўналишга келсак, уни белгилаш туристик операторларга тегишлидир. Улар ўз мижозларини қизиқ бўлган жойларга олиб боради. Балки, туристик операторларга ноқулай бўлгани учун маршрутдан чиқиб кетгандир. Бизнинг мақсадимиз — объектни реставрация қилиш, инфратузилмани яхшилаш. Шу сабабли саройга олиб борадиган йўлни тўғрилаш бўйича ҳокимиятга мурожаат қилганмиз. Қибла Тоза боғ ҳудудида музей ташкил этиш режамиз бор. Ҳозирча эса сарой реставрацияга ёпилган. Куни кеча Президентимиз томонидан ўтказилган видеоселектор давомида маданий мерос объектларига эътиборни яна-да кучайтириш бўйича топшириқлар берилди. Бундай объектлар орасида Хоразм вилоятига тегишлилари ҳам бор.










Сардорбек Усмоний






