АсосийJamiyat

16-20 май кунлари Ўзбекистонда "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми ўтказилади

'16-20 май кунлари Ўзбекистонда "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми ўтказилади'ning rasmi

Жорий йилнинг 16-20 май кунлари Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг турли диний конфессиялари вакиллари, таниқли уламолар, диншунос олимлар ва хуқуқшунослар иштирокида "Декларациялар мулоқоти" халқаро форуми ўтказилади.

Форум иштирокчилари турли диний ҳамжамиятлар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси ва сиёсий-ҳуқуқий тажрибаси билан танишади.

2019 йилда илк маротаба ташкил этилган ушбу халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2018 йилда БМТ Бош ассамблеясида қабул қилинган "Маърифат ва диний бағрикенглик" махсус резолюция тамойилларини ҳаётга тадбиқ этиш борасидаги тизимли ва изчил ишларнинг амалий ифодасидир.

Халқаро анжуманнинг энг асосий натижаси — бу Бухоро декларациясининг қабул қилинишидир. Мазкур ҳужжат муҳим халқаро аҳамиятга эга бўлиб, илгари қабул қилинган Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак, Пунта дель Эсте декларацияларининг мантиқий давомидир. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг глобал миқёсда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга қўшган юксак ҳиссаси бўлиб хизмат қилади.

Форум ташкилотчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШнинг Глобал жалб қилиш институти, шунингдек  ҳамкор ташкилотлар ҳамда Бухоро ва Самарқанд хокимликлари ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар