Бугун, 2022 йил 4 май куни Жиззах вилоятининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида кучли ёғингарчилик оқибатида сел оқимлари кузатилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар бермокда.
Ҳодиса жойларида ФВВ қутқарувчилари ҳодиса жойида иш олиб бормоқда.
Жумладан, Зомин туманининг тоғли ҳудудларида кузатилган кучли ёғингарчилик натижасида туманнинг “Пишоғар”, “Аччи” ва “Шўрча” қишлоқларидан ўтган сойлардан сел сувларининг оқиши кузатилмоқда.
Ҳодиса натижасида сел сувлари “Жиззах - Зомин” автомобил йўли остида ўрнатилган қувурларга сиғмасдан, ушбу йўлнинг 25, 26, 27-километрлари устидан тошиб ўтган.
Хабарда маълум қилинишича, “Пишоғар” ҚФЙ Қонғли қишлоғида яшовчи, 20 ёшли Э.Н. сувда оқиб кетаётганда ФВВ ходимлари қутқариб қолган. Ҳозирда ушбу фуқаронинг аҳволи яхши, тан жароҳати олмаган.
Шунингдек, сел оқими натижасида аҳоли томорқалари, ҳовлилари ва ички кўчаларда сув тошиши ҳолатлари кузатилган.
Қайд этилишича, сел тошган жойларда вилоят ФВБ раҳбарияти бошчилигида қутқарувчилар иш олиб бормоқда. Йўлларда хавфсизлик ЙҲХ хизмати томонидан назоратга олинган.






