“Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Қора қути” сериали сифати, воқеалар ривожи билан кўпчилик томошабинларга манзур бўлмоқда. Туркиялик ижодкор томонидан ёзилган сценарий асосида суратга олинган сериалда ўзгача руҳ яққол сезилиб турибди. Қолаверса, актёрлар жамоаси ҳам ўз сўзини айтган. Ижодкорлар билан суҳбатлашиб, “Қора қути” ичида яширинган баъзи ҳақиқатларга ойдинлик киритдик.
“Гонорари катта актёрларнинг инжиқликлари ҳам катта бўлади”
— “Қора қути” сериалини томоша қилар эканмиз, яхшигина маблағ сарфланган бўлса керак, деган фикр хаёлга келади…
Қобилжон СОТИМОВ, сериал продюсери:
— Ушбу сериални суратга олишдан мақсадим, ўзбек сериаллари рейтинги юқорилашида ўз ҳиссамни қўшиш эди. Шу боис ҳам “Қора қути”га сарфланган маблағга бошқалар бир неча сериал суратга олишади, деб айта оламан. Аммо сарфламасангиз, натижа ҳам бўлмайди. Ахир сериалларимизни бошқа давлатларда ҳам кўришади ва демак, ўзимизни муносиб кўрсата олишимиз керак.
— Адиз Ражабов, Юлдуз Ражабовалар гонорари ҳам катта бўлса керак?
— Ҳа, тажрибали актёрларнинг гонорари ҳам ўзига яраша бўлади. Лекин гонорардан ташқари савия, жамоа деган омиллар бор. Қолаверса, нафақат улар, балки Гулруҳ Пирназарова, Зилола Ғуломовалар ҳам кичик гонорар олишаётгани йўқ. Костюмларга ҳам катта аҳамият қаратяпмиз. Буларнинг ҳаммаси моддий таъминот талаб қилади.
— Изоҳларда “Бу сериал ҳам 3,4 фаслга чўзилмаса бўлди” деган қарашлар ҳам йўқ эмас…
— Сериалимиз қанча фасл бўлишини вақт ҳал қилади. Аммо эртакка айланишни бошладими, тўхтатамиз. Чунки бу лойиҳада ҳамма шахсий бренди учун ҳаракат қиляпти. Туркиядан янги қисмнинг сценарийси келиши билан ҳаммамиз ўқиб, керакмас эпизодларни олиб ҳам ташлаймиз. Чункитомошабин зерикиб қолмаслиги муҳим.
—"Ижодкорлар инжиқ бўлади" дейишади. Суратга олиш жараёнида айнан кимларнинг қандай инжиқликларини кўтаришга тўғри келди?
— Тўғриси, ҳозиргача инжиқликлар кузатилаяпти. Лекин мен улар билан имкон қадар муроса қилишга ҳаракат қилдим. Шу қаторда улар ҳам менинг кўнглимга қарашди. Жамоамизда “ўзимнинг гапимни ўтказаман” деган қараш бўлмади. Ҳозир кўп сериалларда бирорта актриса билан муаммо чиқса, у актрисани йўқотиб, ўрнига бошқани олиб келишади. Бу эса савияни туширади. Нима иш бошлашдан аввал ўша ишнинг ўз имзосини яратиш керак. Биз сериалдаги мусиқаларгача аҳамият бердик. Яъни, ўзимиз ҳам лойиҳа чиройли чиқиши учун инжиқлик қилдик.
Эътирозлар ҳам бор...
—Режиссёр сифатида турк муаллифи ёзган асар билан ишлаш қанчалик қийинчилик туғдирди?
Дурбек МАМАЖОНОВ, сериал режиссёри:
— Албатта, осон кечгани йўқ. Муаллифнинг қарашларини ўзимизга мослаштиришга тўғри келди, бу табиий албатта. Ҳар куни тортишув, муҳокамалар бўлди ва ҳамон давом этаяпти. Нафақат сценарист билан, балки актёр, актрисалар билан ишлаш ҳам енгил кечмади. Сабаби актёрларимиз барчаси профессионал. Уларнинг вақти бир-бирига тўғри келиши муаммо. Аммо Адиз Ражабов, Юлдуз Ражабовалардан ҳам фикр олиб, маслаҳатларига қулоқ тутиб, чиройли ишладик.
—“Оилали аёлни севишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди” деган эътирозлар ҳам йўқ эмас…
—Тўғри,бировнинг аёлига кўз олайтириш гуноҳ. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди. Қолаверса, бу бадиий тўқима. Айтмоқчиманки, томошабин орасида шу йўлда кетаётганлар бўлса, бир сесканиб, ўз аксига қарашдан уялиши ҳеч гапмас. Аммо бу масала бизни ўйлантирмасдан қолмаган, албатта.
“Бировнинг ҳаётини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”
— Томошабинлар “Юлдуз Ражабова турк актрисаларига, масалан, Ҳилал Тинбилекка тақлид қилаётгандек” мазмунидаги изоҳлар ҳам қолдиришмоқда. (“Зулейҳа” сериалидаги актриса назарда тутилган)
Юлдуз РАЖАБОВА, бош роль ижрочиси:
—Очиғи, бу фикрни эштишим биланоқ ушбу актриса ҳақида билиш учун “гугл” га мурожаат қилдим. “Зулейҳа” сериали ҳақида маълумотга эга эмас эканман. Шунинг учун унга тақлид қилишим мумкин эмас. Мен ҳар доим ролларимни ёки режиссёр ёрдамида, ёки ўзимдан келиб чиққан ҳолда гавдалантирганман.
— Бугун хиёнатга кўз юмиб яшаётган аёллар ҳам орамизда йўқ эмас. Сизнинг бу мавзудаги шахсий фикрингиз қанақа?
— Ишонч, бу —инсоннинг энг нозик гавҳари. У йўқолдими, қайта тополмайсиз. Ҳеч қайси аёл хиёнатга лойиқ эмас. Чунки эркак киши ҳаёти давомида бир танлов қилдими, у танловни ҳурмат қилиши шарт! Танловни ҳурмат қилмадими, демак,ўзини ҳам ҳурмат қилмас экан! Ҳеч кимниг қаршисидаги инсоннинг ҳаётини бузишга ҳаққи йўқ.
“Юлдузга раҳмим келади”
—Бугун Юлдуз сингари оилали эркакларга ишониб юрган қизлар орамизда кам эмас. Уларга айтар гапларингиз борми?
Гулруҳ ПИРНАЗАРОВА, бош роль ижрочиси:
— Юлдуз аслида ёмон инсон эмас. У шунчаки севиб қолди, хато бўлсада севиб қолган. Лекин бировнинг оиласини бузиш ва ўз дугонасини алдашини оқламайман. Балки орамизда шундай қизлар бордир. Улар бу қанчалик хатолигини ташқаридан кўриб хулоса қилишларини хоҳлардим. Тўғриси, мен қаҳрамоним Юлдузни жуда яхши кўраман ва унга раҳмим келади. Ҳар бир оилада эр-хотин ўртасида узилишлар бўлиб туради. Шундай вазиятда эркак кўчадан бахт қидириб қолади. Қаҳрамоним Юлдуз сингари “кўнглимга буйруқ беролмайман” дея ўйлайдиган қизлар эса тузоққа тушишади. Уларга айтар гапим: кимгадир эрмак бўлманг. Ҳар бир эркак вақт ўтиб барибир ўз оиласини, фарзандларини танлайди.
“Ҳақиқатни айта олмайман...”
— Сиз ўзига ишонган, қатъиятли, адолатпарвар қиз ролини ижро қилдингиз. Инсон доим ҳам ҳақиқатпарвар бўлиши қийин, шундай эмасми?
Зилола ҒУЛОМОВА, бош роль ижрочиси:
—Баъзан вазиятга қараб ҳақиқатга кўз юмишга тўғри келади. Нокамтарлик бўлмасин-у, “Қора қути” сериалидаги образим ҳаётдаги Зилолага жуда ҳам яқин. Мени яқиндан билганлар ҳам “Ўзингизни ижро этибсизми?” деб кулиб қўйишяпти. Ҳақиқатмасаласига келсак, доим танганинг иккинчи томони борлиги ҳақида ҳам унутмаганимиз маъқул. Сизнинг ҳақиқатингиз кимнидир яралаб қўйиши, жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкин. Сериал давомида Лайло ҳақиқатни айтишгақарор қилганида дугонасининг “Мен хиёнатни кўтара олмайман” деган гапини эшитиб фикридан қайтади.
— Сериалдаги ижроингиздан сўнг томошабин билан қандайдир ноодатий тўқнашувларга дуч келдингизми?
—Куни кеча ҳам айтганингиздай ноодатий ҳолат юз берди. Светафорда тўхтаб турсам, ёнимдаги машина томондан “Сериал зўр кетяпти. Лекин сиз Зарага ҳақиқатни айтишингиз керак. Акс ҳолда Зара сиздан хафа бўлади” деган овоз эшитилди.
— Суратга олиш жараёнларида-чи,адолатсизликларга дуч келмадингизми?
— “Қора қути” сериали ижодкорлари билан бир-биримизни тушуниб ишладик. Бу сериалнинг бошқа сериаллардан фарқи, оммавий эпизодларимиз жуда ҳам кўп. Ҳар сафар уч-тўрт киши бўлиб роль ижро этяпмиз. Бир-биримизни кўрмасак, соғиниб қолишимиз ҳам бор гап. Шу туфайли “адолатсизлик” сўзи айнан бу сериалга таллуқли эмас. Лекин, минг афсус, бошқа фильм, сериалларда бундай ҳолатлар кўп учраган. “Ижодкор” сўзига номуносиб бўлган, пул тўлаб роль ижро этадиганларга бошқача муносабат кўрсатиб, ҳам театр, ҳам кино актёрларига эса… Бу ҳолатларда жуда қаттиқ ранжийман! Қолаверса, гонораримни ололмаган вазиятларим ҳам бўлган. Карантин вақтида қийналиб роль ижро этиб, “сериал ўзини оқламади” деган баҳона билан гонораримни ололмаган пайтларим ҳам бўлди... “Қора қути”да эса муносабатлар чиройли кетаяпти. Бу сериалнинг сифатига таъсир қилувчи омил.
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА суҳбатлашди
("Даракчи" газетаси, 2022 йил 5 май 18-сон)






