Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жумладан:
- жорий йил 1 июлдан ягона вертикал бошқарув асосида “103” Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг вилоят филиаллари ташкил этилади;
- туманларда чақирувларни қабул қилиш диспетчерлик хизмати тугатилиб, вилоятларда ягона Колл-марказ ташкил этилади;
- тез тиббий ёрдам кўрсатиш бир туман ҳудудида эмас, масофага қараб бутун вилоят бўйича йўлга қўйилади;
- Колл-марказда операторлар билан бирга алоҳида тиббиёт-маслаҳат бригадаси фаолият олиб боради.
Яъни, тез ёрдам бригадаси етиб боргунига қадар уларга беморнинг аҳволи ҳақида хабардор қилиб туриш, оила аъзоларига оғир аҳволдаги беморга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича телефон орқали маслаҳат бериш билан шуғулланади.
Тез ёрдам хизматини ташкил этиш ва рақамлаштириш учун 85 миллиард сўм ва Жаҳон банкидан жалб қилинган 5 миллион доллар йўналтирилади.
Шунингдек, вилоят колл-марказлари тизимига тез тиббий ёрдам хизмати мавжуд хусусий клиникалар ҳам уланади.
Шунингдек, йил якунига қадар 10 мингта кўчага ном бериш ишларини якунлаш топширилди.
Мутасаддиларга йил якунига қадар Ўзбекистоннинг электрон рақамли харитасини ишга тушириб, барча шошилинч хизматлар билан интеграция қилиш топширилди.
2022–2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади.
Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Барча тез ёрдам транспортлари навигация тизимига уланади.
Бу мақсадлар учун тез тиббий ёрдамга бюджетдан ажратилаётган маблағларни очиқ-ошкора сарфлаш тизимини яратиш, иқтисод қилинган маблағларни транспорт паркини янгилашга йўналтириш зарур.
Натижада келгуси 3 йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади.
Бунинг натижасида чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқаради.
“Ўзавтосаноат” олдига жорий йилда олиб берилиши лозим бўлган машиналарни ўз вақтида ишлаб чиқариб, етказиб бериш вазифаси қўйилди.






