"UzAuto Motors” АЖ “ГУРЛАН АВТОСАЛОН” МЧЖ (Хоразм вилояти Гурлан тумани) билан дилерлик келишувининг бир қатор бандларини қўпол равишда бузганлиги сабабли шартномани бекор қилганлигини маълум қилади.
"UzAuto Motors” АЖ томонидан дилерлик марказларида автомобил сотувининг шаффофлиги қай даражада ташкиллаштирилганлиги бўйича жорий йилнинг 26-27 апрел кунлари “ГУРЛАН АВТОСАЛОН” МЧЖда мониторинг ўтказилди. Ўтказилган мониторинг натижасида, олиб борилган огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, Дилер корхонаси тизимли равишда хато ва камчиликларга, қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйиб, дилерлик келишуви талабларини бузганлиги аниқланди.
Текширув давомида Дилерлик корхонаси томонидан автомобил сотувидан "UzAuto Motors” АЖ ҳисоб-рақамига келиб тушиши лозим бўлган пул маблағларининг талон-торож қилинганлиги, бўлиб тўлаш шарти билан акцияси доирасида харид қилинган автомобиллар бўйича муддати ўтган қарздорлик юзага келганлиги қолаверса, аксарият ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмай қалбакилаштирилганлиги каби камчилик ва қонун бузилишларига йўл қўйилганлиги маълум бўлди.
Дилерлик корхонасида аниқланган ушбу қонун бузилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний қарор қабул қилиш учун тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим қилинди.
“ГУРЛАН АВТОСАЛОН” МЧЖ ва мижозлар ўртасида тузилган шартномалар бўйича мижозлар олдидаги мажбуриятлар “ХОРАЗМ АВТОТЕХХИЗМАТ” МЧЖ томонидан бажарилади.
"UzAuto Motors”АЖ томонидан “ГУРЛАН АВТОСАЛОН” МЧЖнинг мижозлар олдидаги мажбуриятлари ўз вақтида тўлиқ бажарилиши кафолатланади.
Компания мижозларга юқори сифатли хизмат кўрсатишни сақлаб қолиш учун Дилерлик тармоқлари фаолиятида йўл қўйилаётган камчилик ва қонунбузарликларни аниқлашда давом этади.
"Ҳурматли фуқаролар, агарда дилерлик марказлари томонидан автомобил харид қилиш жараёнида тамагирлик ҳолатларига дуч келсангиз, Сиздан компаниянинг “cалл-cентер” маркази рақамига 78 141 77 77 мурожаат қилишингизни сўраймиз",- дейилади компания хабарида.






