Топ-500 таликка кирган хорижий ОТМ битирувчилари ва илмий даража олган ёш мутахассислар ойлик маошига устама қўшилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Зокирова хабардор қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президент Фармони билан хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таълим олаётган, илм-фан билан шуғулланаётган, етакчи компанияларда ишлаётган ва билим ҳамда малакали Ўзбекистон ёшларининг мамлакатга келиб ишлаши учун зарур шарт-шароит яратиш, чоралари кўрилмоқда.
Фармонга кўра, давлат органлари, ташкилот ва муассасаларида фаолият кўрсатаётган нуфузли халқаро рейтинг ташкилотларининг юқори 500 талик рўйхатига киритилган хорижий олий таълим муассасаларини (бакалавриат, магистратура) тамомлаган ёки уларда илмий даража (PhD ва унга тенглаштирилган бошқа илмий даража) олган ёш мутахассисларнинг лавозим маошига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қўшимча устамалар тўлаб бориш тартиби жорий этилган.
Қайд этилишича, белгиланган қўшимча устамалар Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, ёш мутахассис ва унинг иш берувчиси ўртасида имзоланган шартнома асосида ҳар ой тўлаб борилади. Шартнома 3 йилгача бўлган муддатга тузилади ва тўловлар иш берувчи томонидан амалга оширилади.
"Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан шакллантирилган ойлик устамалар татбиқ этиладиган таълим йўналишлари, тор мутахассисликлар рўйхати, давлат органлари, ташкилот ва муассасалари рўйхати Агентликнинг расмий веб-сайти — www.argos.uz жа жойлаштирилган",-дейилади хабарда.
Маълумот учун, халқаро эътироф этилган рейтинг берувчи ташкилотлар – Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education, Academic Ranking of World University ҳисобланади.