Интернет сайтларида “Тошкентда учта музейни реконструкция қилиш ишлари турк компаниясига тендерсиз топширилди” номли эълон қилинган мақоладаги масала бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлиги муносабат билдирди.
Аниқлик киритилишича, жорий йилнинг 18 апрель куни давлатимиз раҳбарига Тошкент шаҳри ва республика даражасидаги муҳим объектлар қурилиши ҳамда истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинган.
Лойиҳалар орасида Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ҳамда Давлат табиат музейини реконструкция қилиш ҳамда рақамлаштиришни назарда тутувчи таклиф ҳам бўлган ва у "Outdoor Factory" компанияси томонидан тақдим этилган.
Мазкур лойиҳа маъқулланиб, тақдимот баёнида уни молиялаштириш манбаси кўрсатилиб, реконструкция ва жиҳозлаш ишлари бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва пудрат ишларини амалга ошириш учун, "Outdoor Factory" компанияси (Туркия) билан тўғридан-тўғри шартнома тузилишига рухсат берилган.
Шундан келиб чиқиб айтиш жоизки, Тошкентда учта музейни реконструкция қилиш ишлари турк компаниясига тендерсиз топширилган, “Outdoor Factory” пойтахтимиздаги йирик объектларни лойиҳалаш ва қуришда иштирок этгани ёки компания кимнингдир шахсий қарорига биноан эмас, балки белгиланган талаблар асосида лойиҳани ишлаб чиқиб, тақдим этгани учун юқори даражадаги тақдимот муҳокамаси натижасида унга ишонч билдирилган.






