Мамлакатимизда коррупция иллатига қарши курашиш, унинг илдизи билан бутунлай йўқ қилиш борасида барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда кескин кураш олиб борилмоқда.
Бу борада ушбу турдаги жиноятларга қўл урган ҳар қандай мансабдор шахсга нисбатан кескин чоралар кўрилмоқда.
Хусусан, ижтимоий тармоқларда Учтепа тумани прокуратураси терговчиси 50 минг АҚШ долларини пора тариқасида олганлиги ҳолати кескин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Таъкидлаш керакки, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов якуни бўйича тўпланган далилларга асосан қабул қилинган қонуний қарор ҳақида кенг жамоатчиликка қўшимча эълон қилинади.
Ўз навбатида, амалдаги қонунчиликда тергов жараёнига аралашиш, ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш, тергов якунланмасдан туриб унинг натижаларини таҳмин ва фараз қилиш таъқиқланади.
"Кенг жамоатчиликни яна бир маротаба коррупция иллатига қарши курашишда ҳамкорликка чорлаймиз" дейилган муносабатда.






