АОКАда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси ижроси ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-4850-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан жорий йилнинг I чорагида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудлардар ва ўрмон фонди ерларида ўрмонзорларни кенгайтириш ҳамда яшил ҳудудларни барпо қилиш ишлари амалга оширилди.
Жумладан, ўрмон фондининг фойдаланилмаётган 1,5 минг гектар ер майдонлари ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилди. Шунингдек, фойдаланилмаётган ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш, ўрмон хўжаликларига хусусий сектор субъектларини кенг жалб қилиш мақсадида 500 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахсларга ижарага берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги 31-сон қарорига асосан Оролбўйи минтақасида жами 207 минг гектар, жумладан Мўйноқ туманида 106 минг гектар, Бухоро вилоятида 40 минг гектар, Навоий вилоятида 50 минг гектар ва Хоразм вилоятида 11 минг гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди.
Чўл ҳудудларида “яшил қоплама”лар барпо қилиш тадбирлари учун жами 1 минг тонна, шундан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида 590 тонна (558,1 тонна саксовул, 20,7 тонна қандим, 11,5 тонна қорабуроқ), Навоий вилоятида 208 тонна (саксовул), Бухоро вилоятида
160 тонна (75 тонна саксовул, 5 тонна қандим, 80 тонна черкез) ва Хоразм вилоятида 52 тонна (саксовул) чўл ўсимликларининг уруғлари жамғарилди.
Ўрмон хўжаликлари томонидан жами 18 млн дона тез ўсувчи ва бошқа турдаги дарахт ҳамда буталарнинг қаламчалари тайёрланди.
Мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни кўпайтиришга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун 2,4 минг гектар (йиллик топшириққа нисбатан 96 фоиз) майдонда ихота дарахтзорлари барпо этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат тегишли буйруғи қабул қилинди. Ушбу буйруқ билан Фармон ижросини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ва Яшил ҳудудларни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ва кўчат экиш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича йўл харитаси белгилаб олинди. Кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш ҳамда «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппаратида кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича раис ўринбосари — «Яшил ҳудуд» давлат унитар корхонаси директори ва 5 нафар штат бирлигидан иборат Яшил ҳудудларни ривожлантириш бошқармаси ташкил этилди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2022 йил 28 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПФ-46-сон Фармони ижросини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 16-сонли буйруғи билан “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг устави ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий корхоналарининг уставлари, “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг тузилмаси, “Яшил ҳудуд” давлат унитар корхонасининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги ҳудудий корхоналарининг намунавий тузилмалари тасдиқланди. Мазкур Фармонда республикани кўкаламзорлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг 186 та туман ва шаҳарларда 2022 йилда 584 гектар майдонда “яшил боғлар”, 184 та туман ва шаҳарлардаги 306 та объектларда 2022-2024 йилларда жами 1082 гектар майдонда янгидан “яшил жамоат парклари” барпо этилади.
Шунингдек, ўрмон хўжаликлари томонидан жорий йилнинг
I чораги давомида 257 гектар майдонда доривор ва озуқабоп ўсимликлар плантациялари ташкил этилди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ходимлари ҳамда вилоят ўрмон хўжаликлари бошқармалари ва хўжалик раҳбарларининг ҳуқуқий, иқтисодий ва касбий билимларини баҳолаш бўйича ходимлар аттестациядан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги
ПФ-5843-сон Фармонига асосан давлат фуқаролик хизматига очиқ мустақил танлов асосида ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигига юклатилганлигини инобатга олиб, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали (vacancy.argos.uz) орқали очиқ мустақил танлов асосида давлат фуқаролик хизматига қабул қилишни ташкил этиш ҳамда вакант лавозимларига юқори малакали ва тажрибали кадрлар билан тўлдириш тизими жорий этилди.
Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларида 1 та ташриф маркази, 4 та экомаршрутлар ташкил этилиб, экотуризмни ривожлантириш бўйича 8 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига экотуризм объектлар сони 286 тага етказилди.
Ўрмон хўжалиги соҳаси олдида турган муҳим муаммолар ечимига қаратилган 20 та илмий мавзулар шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ўрнатилган тартибда киритилди. Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг 4 нафар ходимига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан катта илмий ходим унвони берилди. Соҳа олимлари томонидан 3 та мақсадли лойиҳалар тайёрланиб, бугунги кунда шулардан 1 таси молиялаштирилди ва қолган 2 таси техник экспертизадан ўтказилиб, Ўрмон хўжалиги, тупроқшунослик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш йўналиши бўйича илмий-техник кенгашга кўриб чиқиш учун киритилган.
Бундан ташқари, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтининг малака ошириш маркази томонидан 250 нафар ўрмон назоратчилари, ўрмон усталари, ўрмон муҳандислари, дориворчилик мутахассислари, ўрмон агрономлари ва бошқа касбдаги ходимлар учун малака ошириш ўқув-семинарлари ташкил этилди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бўйича. 2021 йил якуни билан жами 887 та ўрмон қонунбузарликлари аниқланиб, жами 5 млрд 207 млн сўмлик зарар келтирилган. Жумладан, 345 та ҳолатда ноқонуний дарахт кесиш, 412 та ҳолатда ноқонуний мол боқиш, 16 та ҳолатда ноқонуний ов ҳамда 114 та мол бошқа қонунбузарликлар аниқланган.
2022 йил 1 чорак ҳолатига 75 та қонунбузилиш холати аниқланган бўлиб 18 та мол боқиш, 36 та дарахт кесиш, 6 та ов қилиш ва 16 та ҳолатда бошқа қонунбузарликлар аниқланган бўлиб, бу билан ўрмон хўжалигига 274 432 минг сўм миқдорда зарар етказилган.
51 та ҳолат бўйича ўрмон хўжалиги инспекторлари томонидан маъмурий қарор чиқарилган. Чиқарилган қарорлар бўйича 60 651 минг сўм жарима миқдори белгиланган. 24 ҳолатда 19 453.5 минг сўм миқдорда жарималар ундирилган. Ҳозирда 22 та ҳолат ижроси кутилмоқда 2 та ҳолат МИБга юборилган.
Ҳозирги кунда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга ўрмон ҳуқуқбузарликларини олдини олиш бўйича қўшма рейд тадбирлари олиб борилиб, “E-ma'muriy ish” тизими орқали расмийлаштирилиб келинмоқда.