Жорий йилнинг 6 май куни Италиянинг Жесоло шаҳрида пара енгил атлетика бўйича халқаро Гран-При турнири бошланган эди. Аввалроқ ўзбекистонлик спортчи турнирда қитъа рекордини янгилаганини маълум қилгандик. Айни дамда Спортни ривожлантириш вазирлигининг хабар беришича, Ўзбекистон жамоаси халқаро Гран-Прини 17 та медаль билан якунлади.
Жумладан, эркаклар ўртасида Ф36/37 классида диск улоқтириш баҳсларида Шахбоз Ражаббоев 41,35 метр натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, худди шу йўналишда кумуш медаль ҳам Ўзбекистонга насиб этган. Аниқроғи, Ҳайрулло Мадаминов 38,44 метр натижа билан 2 ўринни эгаллаган.
Бундан ташқари, эркаклар ўртасида Ф32/33 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган ўзбек вакили Жасур Хўжаев 10,60 метр натижа билан кумуш медалга сазовор бўлгани маълум қилинди.
Эркаклар ўртасида Т13 классида узунликка сакраш йўналишида Дониёр Ахмедов 5,95 метр натижа қайд этган ва кумуш медалга сазовор бўлган.
Аёллар ўртасида Т11 классида 200 метрга югуриш баҳсларида қатнашган Асила Мирзаёрова 28,07 сония вақт билан кумуш медални қўлга киритгани қайд этилган. Худди шу йўналишда Т12 классида стартга чиққан Ёқутхон Холбекова 29,73 сония натижа билан бронза медалига эга чиққан.
Шунингдек, эркаклар ўртасида Ф46 классида ядро улоқтириш баҳсларида қатнашган Ўзбекистон вакили Мусулмонқул Ахмедов 12,07 метр натижа қайд этган ва бронза медали соҳиби бўлгани айтилади.
Шу тариқа делегациямиз “Italian Open 2022” халқаро Гран-Присини 17 та медаль билан якунлади. Шулардан 6 таси олтин, 5 таси кумуш ва 6 таси бронза.
Олтин
Иззат Турғунов (2та)
Маҳлиё Акрамова (1та)
Дониёр Ахмедов (1та)
Ёқутхон Холбекова (1та)
Шахбоз Ражаббоев (1та)
Кумуш
Дониёр Ахмедов (2та)
Ҳайрулло Мадаминов (1та)
Жасур Хўжаев (1та)
Асила Мирзаёрова (1та)
Бронза
Жамолиддин Акобиров (2та)
Асила Мирзаёрова (2та)
Ёқутхон Холбекова (1та)
Мусулмонқул Ахмедов (1та).






