Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар каби, туризм соҳаси ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Республикада ички Туризмни оммалаштириш, хорижий туристлар оқимини жалб қилиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан бир қатор қарорлар, лойиҳалар амалга оширилмоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланмоқда. Туристик мавсум мобайнида дунёнинг қатор давлатларидан кўп сонли хорижий туристлар оқимини жалб қилиши учун бугунги кунда юртимиз етарли туристик салоҳиятга эгадир.
Ўз ўрнида Қорақалпоғистон Республикаси ҳам Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари каби ўзига хос томонларига эга. Жумладан ҳудуднинг тарихи, маданияти, урф-одатлари, турмуш тарзи, қадимий маданий мерос объектлари ва шу каби диққатга сазовор объектлари билан ажралиб туради. Юқорида келтириб ўтилган хусусиятлар Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини янада оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан бугунги кунда Қорақалпоғистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, ушбу ҳудудга ташриф буюрувчи туристлар оқимини кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, туристик объектлар бўйидаги инфратузилмани яхшилаш, йирик автомагистраллар бўйида санитар-гигиеник шохобчалар сонини кўпайтириш ва уларнинг сифат даражасини ошириш, туристларга хизмат кўрсатувчи туристик корхоналар, жойлаштириш воситалари, жумладан, меҳмонхона, хостел ва оилавий меҳмон уйлари сонини кўпайтириш, янги туристик маршрутларни ишлаб каби бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Туризм соҳасида бунёдкорлик ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, республикага ташриф буюрувчи туристлар учун хизмат даражасини ошириш ва янги қулайликларни яратиш мақсадида шу кунгача кўп сонли жойлаштириш объектлари барпо этилган. Кўрсаткичларга келадиган бўлсак, ҳозирги вақтда Қорақалпоғистонда 45 туристик корхона, шунингдек 86 жойлаштириш воситалари мавжуд бўлиб, шулар қаторидан 33 меҳмонхона, 36 оилавий меҳмон уйлари ва 17 хостеллар ўрин олган. Бундан ташқари 11 микроавтобус, 45 йўл танламас автотранспорт воситалари ва 12 квадрацикл, 25 гид-таржимонлар, 200 дан ортиқ туристик намойиш объектлари (ҳунармандлар устахоналари, кўнгилочар парклар, музейлар, аквапарк ва сув аттракционлар) фаолият кўрсатмоқда. Глобал пандемия даврига қарамасдан 2021 йил давомида Қорақалпоғистонга 284 минг маҳаллий ва 25 мингга яқин хорижий туристлар ташриф буюрган.
Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари алоҳида туристик дестинациялар бўлиб ҳисобланади ва улар қаторига Нукус шаҳри, Чимбой тумани, Қорақалпғистоннинг жанубий ҳудуди (Элликқалъа, Тўрткўл ва Беруний туманлари) ва албатта Мўйноқ тумани ҳам киради. Ушбу туманларни ҳудуднинг туристик салоҳияти ва ўзига хос томонларидан келиб чиқиб, туризмнинг йўналишлари бўйича алоҳида ўринга эга.






