АсосийJamiyat

Маҳмуд Намозов: “Тўрт фарзандимиз билан ижарада яшаган пайтларимиз бўлган...”

'Маҳмуд Намозов: “Тўрт фарзандимиз билан ижарада яшаган пайтларимиз бўлган...”'ning rasmi

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Маҳмуд НАМОЗОВнинг овози ширали ва ўзига хос. У тоғларнинг фарзанди. Болалик вужудига алла қўшиғи чанқовуз садоларида сингган санъаткор сурхонча қўшиқлари билан мухлислари қалбига кириб борган. 8 май санасида нишонлайдиган таваллуд куни муносабати билан эл суйган ижодкорни учрашувга чорладик. 

— Маҳмуджон, мухлислар қўшиқларингиздаги ўзига хосликни яхши кўришади. Сизда яна бир ўзига хослик, яъни хонандаларда жуда кам учрайдиган ҳолат,  китоб ёзиш эҳтиёжи қандай пайдо бўлди?

" Мухлислар, айниқса, ёшларнинг назарида санъаткорга унвон-у, эътирофлар осон келгандай туюлади. Санъаткорнинг ҳаёти фақат байрамлардан иборатдай кўринади. Ҳаётимни санъатга, қўшиққа бағишладим. Бу йўлга мени кимлар, қандай орзулар бошлагани, бугунги даражага етгунча қанча қийинчиликларни босиб ўтишга тўғри келганини ёлғиз ўзим биламан. Баъзилар айтгандай, “бир юмалаб артист бўлиб қолганим йўқ”. Бугунги кунда шу йўлни танлашни ният қилган ва менинг ижодимни ҳурмат қиладиган инсонлар ҳамбуни билишлари керак, деган мақсад билан китоб ёздим. Бунда болаликдан вужудимга сингган китобга бўлган катта муҳаббатнинг ҳам ҳиссаси бор, албатта. 

— Демак, оилангизда китобхонлик муҳити бўлган... 

— Болаликдан жуда кўп достонлар, эртакларни ўқиб катта бўлганимни эслайман. Онам халқ маталларини яхши биладиган аёл эди. Ўйлаб қарасам, хонадонимизда фарзандларга китобга, адабиётга бўлган катта меҳр сингдирилган экан. Укам Мусурмон Номозов мактабимизнинг кутубхонасидан ташқари қишлоғимиздаги каттагина кутубхонадаги китобларниям биттасини қўймай ўқиб чиққан. Ўқиш техникаси кучли эди, жуда тез ўқирди. Онам раҳматли “Бунақа кўп китоб ўқишда калланг кетиб қолади, сени...” деб қувиб юрарди. Онамдан қочиб ё чеккадаги уйга беркиниб, ёки сут -қатиқ турадиган саватларнинг тагига кирволиб бўлсаям ўқишдан тўхтамасди. Буям майли, уч ойлик ёзги таътилда кейинги синф учун олган дарсликларининг ҳаммасини олдиндан ўқиб қўярди. Кетма-кет мактабни битирдик, мен мусиқа факультетида ўқидим, укам филология факультетига кирди. “Шунча китоб ўқигансан, курсдошларингни ичида энг зўри бўлсанг керак, дердим. У: “Йўқ, мендан ҳам зўрлар бор”, дерди. Кейин билсам, ўша зўрлар, тўғри келган китобни эмас, устозлардан сўраб, керакли китобни билиб ўқишган экан". 

— Болалигингизни соғинасизми?

"Албатта соғинаман.  Болаликни, унинг ўйинқароқ, ширин дамларини соғинмайдиган инсон бўлмаса керак. Болалигим қишлоқда ўтди. Бир томони шўх-шодон оқадиган Сурхондарё, бир чеккаси Боботоғ бўлиб, мен туғилган қишлоқ уларнинг ўртасига жойлашганди. Тоққа чиққанмиз, ёз пайтлари дарёда чўмилганмиз, қўйлар боққанмиз. Оилада тўрт ўғил, тўрт қиз эдик. Ота-онам санъатга қизиқишимни кўриб, имконият яратиб беришган. Битта армоним бор, онам бугунги муваффақиятларимни кўрмадилар. 1988 йилда оламдан ўтиб кетганлар. Узоқ йиллар она ҳақида қўшиқ айтишни хоҳласам-да, айтолмаганман. Орадан ўн олти йил ўтибгина биринчи марта она ҳақида ашула айтдим. Бир оғайнимнинг аёли ўша концертга тушган экан. “Концертдаги ҳамма қўшиқ бир бўлди, бу қўшиқ бир бўлди...”деган гапини эшитиб кўнглим таскин топган. Демак, қўшиққа юрагимдаги бутун дард, алам соғинчимни сола олдим, деб ўйладим". 

— Болаликда ҳам шунақа оғир-босиқ, мулоҳазали бўлганмисиз? Ёки ҳамма шўхликлар болаликда қолиб кетдими?

"Тан олишим керак, ҳамма қатори тўполончи бўлганман. Математика домламизнинг бир одати  бор эди, биттагина бўлсаям ўқувчи синфга ундан кейин кирса, дарс ўтмасди. Ҳозир эсласам уялиб кетаман, уч-тўртта бола атайлаб дарсга домладан кейин кирардик. Шундан кейин математика дарси тарбиявий соатга айланиб кетарди. Баҳонада дарс тайёрламай келганларимиз,  “икки” баҳодан қутулиб қолардик. Ўша пайтлар, математика ҳеч қандай фойдаси йўқ фандай кўринарди бизга. Ундай эмас экан, буни энди тушуниб етаяпман. Ҳозир атрофимдагилар ҳисоб-китобни каллада бажаришимга ҳавас қилишади".

— Тошкентга илк бора қадам қўйган кундаги таассуротларингиз ёдингиздами?

" 1977 йилда Тошкентга биринчи марта келиб, Ишчилар шаҳарчаси, деган маҳаллага жойлашган кунларим кечагидай эсимда. Ўн етти ёшли ўспирин йигитман. Қалбимни ҳаяжон босган. Оддийгина уйлар ҳам кўзимга жуда чиройли, маҳобатли бўлиб кўринган. Уйлар олдига қатор экилган олча дарахтларидаги шода-шода мевалар ҳалигача кўз олдимда туради. Тошкентга келишдан мақсадим Консерваторияга кириш эди, биз  келганда Консерваториядаги ҳам, Санъат институтидаги имтиҳонлар ҳам аллақачон ўтиб кетган экан. Мажбур Педагогика институтининг мусиқа ва ашула факультетига ҳужжат топширганман. Ким рубоб, ғижжак бўйича ўқийман деса, мен Сурхондарёда чангчи йўқ, деган ўй билан шу асбобни чалишни ўрганишга қарор қилганман. Лекин бунинг қанчалик қийинлигини билмаган эканман. Уни чалиш асрорларини ўргангунимча тўрт йил ўтиб кетди. Афсус институтни яхши бир чангчи бўлиб битиролмадим. Лекин қишлоғимга қайтиб 12 йил ашула ўқитувчиси бўлиб ишладим. Қишлоғимга муҳаббатим чексиз. Тошкент эса орзу-ниятларим, режаларимнинг рўёбини берди. Унга миннатдорчилик ўрнида айтилган “Тошканим” деган қўшиғим бор, мухлислар яхши билишади, кўп сўрашади. Ўзим ҳам уни яхши кўриб ижро этаман".

— Санъатга қандай кириб келдингиз?

"Ўн икки йилда мен Сурхондарёга сиғмай қолдим. Яна Тошкентга қайтдим. Тўрт фарзандимиз билан ижарада яшадик. Қийналдим,  “Ашулачилик менинг йўлим эмас экан...” деган хаёллар билан юрган пайтим Фахриддин Низомов деган инсон мени Радиога ишга таклиф қилди. Радио ва шу инсон сабаб мен санъатда ўз йўлимни топиб олдим". 

— Фолькор жуда илдизи чуқур санъат эканлигини бундан кўп йиллар муқаддам “Бахшиёна” қўшиғингиз билан исботлаган эдингиз. Айни дамда фольклорга бўлган эътибор сусайгандай туюлмаяптими сизга?

"Зиёли инсонлар бор экан, фольклорга бўлган қизиқиш ҳеч қачон сўнмайди. Бахшиларнинг халқаро танловлари ўтказилаётгани ҳам фольклорга бўлган эътибор ва муносабатнинг натижаси. Ёшлар орасида фольклорни тушунмайдиган ва тингламайдиганлари бор. Бунинг ягона йўли фольклор йўналишидаги асарларни янги синтезлар билан мухлисларга етказиш, тингловчиларга тақдим этиш. Ўйлашимча, шу нарса фольклорга бўлган муносабат ўзгаришига сабаб бўлади".

— Бу йўналишдаги ижодингиз тан олиниши ҳам осон кечмаганлиги ҳақида ҳам тўхталсангиз...

"Шу ўринда бир воқеани айтиб бермоқчиман. Адашмасам, 1996 йиллар, айни қийналиб юрган пайтларим, қўшиқлар яратаяпмиз, айтаяпмиз, лекин рекламамиз йўқ. Бизни ҳали ҳеч ким танимайдиган пайтдаям мухлисимиз бор экан, тўйига таклиф қилди. Бордим, лекин тўй эгасига ёқади, дегани тўйхонада ўтирган уч юз, тўрт юз одамгаям маъқул, дегани эмас. Ашула айтаяпман, бир одам рўпарамга келиб: “Жанон бўламанни айт”, деб 100 доллар бераяпти. Мен қўлини чеккага суриб, ашуламни айтишда давом этавердим. Ўша одам яна 100 долларини кўрсатиб: “Жанон бўламанни айт деяпман”, деб туриб олган. Мен ҳам қайсарлик билан: “Хохласанг эшит, хохламасанг ўзинг биласан”, дегандай ашуламни айтишда давом этавердим. Ўша пайт Дониёр Тошмуҳамедов: “Ўзингни ашуланг ўзингники, тўйда туркча айт, бошқа санъаткорларнинг қўшиғини айт, сендан нима кетди...”деганидаям. “Йўқ, мен ўзимнинг қўшиғимни айтаман”, деганман. Мана орадан йиллар ўтиб тўйларга ўзимизнинг қўшиғимиз учун пул бериб чақирадиган бўлишди".

— Бугунги кунда ўзингизга қандай талаблар қўйяпсиз? Мухлислар ҳукмига кам қўшиқ тақдим этаётгандексиз, “Кўза афсонаси” сингари хит тарона яратилмади... 

" “Кўза афсонаси” бошқа қўшиқларимга ўхшаш тарона, у катта санъат асари эмас. Ўзига хос омадли қўшиқ бўлди, бунга сабаблардан бири унга чиройли клип ишлангани, деб биламан. Ўз вақтида ойнаи жаҳонда жуда кўп марта “айлантирилган”. Шунинг учун ҳам тингловчининг меҳри тушгандир. Ҳар йили битта альбом ёзишга ҳаракат қилаяпман ва унда кўплаб янги қўшиқлар яратилаяпти. Ижодим суст кетаяпти, дея олмайман, фақат қўшиқларимнинг “прома”сига жиддий эътибор қаратмаяпман, шекилли. Изланишдаман, ижоддаман, мухлислар кўнглидан жой оладиган қўшиқлар айтиш нияти билан яшаяпман".

                                                                                                         Туҳфа НАЗАРОВА суҳбатлашди 
                                                                                   ("Даракчи" газетаси 2022 йил 5 май, 18-сон)

    Бошқа янгиликлар