Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг хабар беришича, бугун мажлисда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсади – кўчалар, шоҳкўчалар, маҳаллалар, майдонлар, боғларга ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмларига айрим одамлар, жамоат арбоблари, сиёсий арбобларнинг исми-шарифини беришни тартибга солишдан иборат.
Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунида географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш белгиланган. Аммо амалдаги қонунчиликда аҳолининг фикрини ҳисобга олиш, шу жумладан, фуқаролар томонидан географик объектларга ном бериш ташаббусларини илгари суриш тартиби назарда тутилмаган.
Шунингдек, таркибида туманлар мавжуд бўлган шаҳарларда (Тошкент, Наманган ва Андижон) географик объектларга ном бериш ваколати туман Кенгашларига берилгани ушбу йўналишдаги фаолиятни самарали мувофиқлаштириш ҳамда қонунчилик ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда қўлланилишини таъминлашга тўсқинлик қилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш жараёнида мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинади.
Қизғин бахс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.






