Ижтимоий тармоқларда Бувайда туман ҳокимлиги нашри – “Бувайда кўзгуси” газетасида фаолият олиб бораётган журналист Шарифа Мурод Бувайда туманидаги фермернинг ери туман захирасига қайтарилишининг қонунийлигини таҳлил қилган танқидий чиқиши сабабли ишдан бўшатилаётганилиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Фарғона виляоти ҳокимлиги муносабат билдирди.
"Аввало, шуни қайд этиш лозимки, журналист ўзи тайёрлаган хабарлар ва материалларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш, уларда ўз фикр-мулоҳазасини ифодалаш ҳуқуқига эга. Танқидий материаллар эълон қилганлиги учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмаслиги қонун билан белгилаб қўйилган. Давлат журналистга ахборотни эркин олиши ва тарқатишини кафолатлайди, ўз касбига доир фаолиятни амалга оширишида унинг ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Шарифа Муроднинг ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқиши учун ишдан бўшатишга уриниш, билан боғлиқ ҳолат масъул идоралар томонидан охиригача ўрганиб чиқилади, журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилиши тасдиқланадиган бўлса, бунга йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Бувайда туманидаги фермернинг ери туман захирасига қайтарилишининг қонунийлиги билан боғлиқ масалани ўрганиб чиқиш учун вилоят ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилди, ўрганиш натижалари юзасидан қўшимча маълумот эълон қилинади", - дейилган ҳокимлик муносабатида.






