АсосийJamiyat

Тошкентда илк бор кофе ва чой фестивали ўтказилади

'Тошкентда илк бор кофе ва чой фестивали ўтказилади'ning rasmi

13-15 май кунлари Тошкент шаҳридаги “Мовий гумбазлар” боғида “Биринчи чой ва кофе фестивали” бўлиб ўтади. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Бариста ассоциацияси ва “Макон” телеканали ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Фестиваль мамлакатимизда кофе ва чой саноатини ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш, шунингдек, чой ичиш миллий анъаналарини қайта тиклашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Фестиваль меҳмонлари ўзига хос ичимликлар ва ноёб чой ва кофе турларини татиб кўришлари, профессионаллар эса соҳадаги энг сўнгги янгиликларни ўрганишлари, янги ҳамкорлар ва етказиб берувчиларни топишлари, ҳаттоки франчайзинг сотиб олиш имкониятига эга бўладилар.

Фестиваль доирасида бариста бўйича Uzbek Coffee Cup чемпионати, сут кўпикли расм чизиш санъати бўйича танлов, барменлар ўртасида миксология чемпионати бўлиб ўтади. Шунингдек, турли махорат дарслари, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш, кофе ва чойлардан татиб кўриш ҳам мумкин бўлади. Фестивал дастури доирасидаги тадбирлар профессионаллар учун ҳам янги мутахассислар учун ҳам қизиқарли бўлади. Ўзини бариста сифатида синаб кўриш, латте-арт кўникмаларини эгаллаши ва профессионал чашка дегустациясида қаҳва таъмининг нозик сояларини фарқлашни ўрганишни хоҳловчилар учун ҳам қулайликлар яратилган.

Фестивалда лотереялар ва турли хилдаги кўнгилочар ўйинлар, ҳунармандлар ярмаркалари, фоод-кортлар ва ўйин майдончалари ташкиллаштириш режалаштирилган - барчаси қизиқарли ва мароқли оилавий дам олиш учундир. ДЖ ва стенд-уп комедиялари чиқишлари ҳам бўлиб ўтади.Cоффее&Теа ЛАБ зонасида профессионал баристалар, чой усталари ва ишбилармонларнинг семинарлари ва маърузалари, шунингдек, янги, аммо аллақачон машҳур бўлган бариста касбининг истиқболларига бағишланган давра суҳбатларини ўтказиш режалаштирилган.

Фестиваль катта гала-шоу билан якунланади. Тадбирга кириш бепул.

 

    Бошқа янгиликлар