Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги бошланди. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган Бутунжаҳон йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳафталиги доирасида: болаларнинг йўллардаги хавфсизлиги - ҳар бир кишининг бурчи мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Анжуманда болалар билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот берилди.
“Йўл-транспорт жароҳатлари бутун дунё бўйлаб болалар ва ёшлар саломатлиги борасидаги жиддий муаммо ҳамда ўлим, жароҳатлар ва ногиронликнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Ҳар куни дунёда 3000 га яқин болалар ва ёшлар йўлларда ҳалок бўлади ёки оғир жароҳатлар олади. Бу ўлимларнинг олдини олиш мумкин,” — деди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.
Шунингдек, қайд этилишича, Ўзбекистонда жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1469 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан 204 таси болалар иштирокида содир бўлган, 39 таси ўлимга сабаб бўлган. Қурбонларнинг аксарияти ўсмирлардир. Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари — тезликни ошириш (455 та), йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик (110 та) ва зарур инфратузилманинг йўқлиги (250 та), жумладан, пиёдалар ўтиш жойининг йўқлиги (804 та) бўлган.






