1

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси абитуриентларни огоҳлантириш билан чиқди

ЖАМИЯТ 13.05.2022, 22:24
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси абитуриентларни огоҳлантириш билан чиқди

Бугун,  13 май куни Ахборот ва Оммавий коммуникациялар агентлигида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ахборот хизмати раҳбари Шавкат Хўжақулов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, 2018 – 2020 йиллар оралиғида лицензияга эга бўлган нодавлат олий таълим ташкилотлари сони 13 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда 21 та нодавлат олий таълим ташкилоти фаолияти лицензияланган.

Ушбу нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан бериладиган дипломлар Ўзбекистондаги бошқа олий таълим муассасалари дипломлари қаторида тан олинади.

Шавкат Хўжақуловнинг маълум қилишича, айрим ҳолатларда нодавлат олий таълим хизматларини кўрсатиш учун лицензияга эга бўлмаган ёки фақатгина ўқув маркази сифатида фаолияти олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган баъзи ташкилотлар фуқароларимиз ўртасида ўзини хусусий олийгоҳ сифатида таништириб абитуриентларни ўқишга жалб қилишга уринишлар кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига асосан, нодавлат таълим ташкилотлари лицензия олинган кундан эътиборан таълим фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Фуқароларимизнинг юқоридаги каби ҳолатларда алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси веб-сайтига нодавлат олий таълим ташкилотлари рўйхати жойлаштирилиб, бу ерга лицензия олган таълим ташкилотлари ҳақидаги маълумотлар мунтазам янгиланиб борилмоқда.

"Фурсатдан фойдаланиб, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига қайсидир нодавлат олий таълим ташкилотига пул тўлашдан аввал Таълим инспекцияси сайтидаги рўйхатда ушбу муассаса бор йўқлиги текшириб кўриш ёки Таълим инспекцияси телефон ёки ижтимоий тармоқлар орқали боғланиб аниқлик киритишларини тавсия қиламиз"-дейди Ш. Хўжақулов

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, Таълим инспекциясидан олий таълим хизматлари кўрсатиш учун лицензия олмаган нодавлат олий таълим ташкилотлари томонидан берилган дипломлар тан олинмайди.

Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия бериш Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарори асосида амалга оширилади. Мазкур қарорда нодавлат олий таълим ташкилотларига қўйилган талаб ва шартлар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш тизимини соддалаштириш билан бирга, талабгорларнинг мурожаатларини қисқа муддатларда кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1