Sevimli

Фарғонада Президентга ҳунарманд шогирд деб таништирилганлар ҳоким ҳайдовчиси ва мактаб директор ўринбосари эканлиги тасдиқланди

ЖАМИЯТ 14.05.2022, 09:36
Фарғонада Президентга ҳунарманд шогирд деб таништирилганлар ҳоким ҳайдовчиси ва мактаб директор ўринбосари эканлиги тасдиқланди

Ижтимоий тармоқларда Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташриф доирасида Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган материал эълон қилинди. Ортидан эса Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида чиқишлар пайдо бўлди.

Туман ҳокимлик матбуот хизмати, ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс Фурқат туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов эканлигини тасдиқлади. Таъкидланишича, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бири бўлган.

" Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган. Кечаги ташрифда ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолатдир.

Айтиб ўтиш керакки, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари.

Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган, ўқувчиларга дурадгорлик ва ўймакорлик бўйича сабоқ берган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлаб келади. Узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланади, “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлайди. 10 нафар шогирд бириктирилган", - дейилади муносабатда. 

 

Шарҳлар