1

Тошкентда давлат бошқарувига бағишланган халқаро конференция якунланди. Унда қандай масалалар кўрилди?

ЖАМИЯТ 14.05.2022, 12:32
Тошкентда давлат бошқарувига бағишланган халқаро конференция якунланди.  Унда қандай масалалар кўрилди?

Аввалроқ, Тошкентда Марказий Осиё давлатлари давлат хизматчилари учун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференция бошлангани ҳақида ёзган эдик.  Кеча,  13 май куни конференция ўз якунига етди.  Бу ҳақда Darakchi. uz мухбири хабар берди.  

Конференция Европа Иттифоқи ва Европа Кенгашининг “2020—2023 йилларга мўлжалланган Марказий Осиёда қонун устуворлиги” дастурида назарда тутилган бўлиб, унинг доирасида Адлия вазирлиги бошқа ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистонда қонун устуворлигини мустаҳкамлашда фаол иштирок этмоқда.

Тадбирнинг асосий мақсади — давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилиш ҳамда илғор тажрибалар билан алмашиш учун етук халқаро ва миллий экспертларни бирлаштирадиган очиқ мулоқот майдонини ташкил этишдир.  

Конференцияда миллий иштирокчилар билан бир қаторда Европа давлатларидан, хусусан Германия, Франция, Португалиядан ташриф буюрган экспертлар ва мутахассислар, шунингдек, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан ташриф буюрган адлия, давлат хизматларини кўрсатиш, давлат хизматини ривожлантириш ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.

Кечаги сессияларда маҳаллий ва хорижий иштирокчилар инсон ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш орқали маъмурий ислоҳотлар барқарорлигини таъминлаш масалаларига тўҳтаб ўтди. Хусусан, давлат хизматчиларини профессионал ривожлантириш ва уларнинг маъмурий ислоҳотлар стратегиясидаги роли масалалари кўриб чиқилди. Иштирокчилар инсон ресурсларини бошқаришнинг мавжуд усуллари ва давлат хизматчиларининг малакасини ошириш ҳамда уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнида ягона қоидаларни белгилаш бўйича илғор тажрибаларни муҳокама қилдилар.

Шунингдек, экспертлар томонидан давлат хизматчиларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун стратегик бошқарув ёндашувлари ва методологиялари кўриб чиқилди. Иштирокчилар давлат хизматчилари фаолиятининг самарадорлигини ошириш шартлари ва омилларини муҳокама қилиб, самарадорликнинг асосий кўрсаткичлари доирасида самарадорликни бошқариш соҳасидаги моделлар ва энг яхши халқаро тажрибаларни ўргандилар.  

Конференция якуни бўйича давлат бошқаруви, давлат хизматларини кўрсатиш ва давлат хизматини ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1