Истанбулда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ОАВ ва ахборот соҳасига масъул идоралари раҳбарларининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Сал аввал АОКА директори Асаджон Хўжаев Туркия республикасининг Истанбул шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо ва кузатувчи мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари раҳбар ходимларининг 4 -йиғилишида нутқ сўзлаганини маълум қилгандик.
Туркияга ташриф доирасида АОКА раҳбари А.Ходжаев Туркия радио ва телевидение олий кенгаши раиси Абубакр Шахин билан учрашди. Бу ҳақда агентлик хабар бермоқда. Қайд этилиишча, соҳа масъуллари йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини самарали ташкил этиш ҳамда амалиётга жорий қилиш борасида фикр алмашишган.
Шундан сўнг, Агентлик директори Озарбайжон Президенти ёрдамчиси Ҳикмат Ҳожиев билан ҳам учрашув ўтказгани айтилади.
"Учрашувда мамлакатлар ўртасида ахборот ва оммавий коммуникациялар соҳасида истиқболли алоқаларни мустаҳкамлаш масаласи ҳақида суҳбатлашишди. Хусусан, сўз ва матбуот эркинлиги борасидаги ислоҳотлар, ахборот сиёсатини юритиш, холис ва далилларга асосланган хабар етказишда ахборот хизматларининг ўрни, аҳамияти тўғрисида алоҳида тўхталишди",-дейилади хабарда.
Шунингдек, ОАВ ва медиа соҳасини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида "Йўл харитаси" ишлаб чиқиш, ахборот олиш ва етказиш борасида тажриба алмашиш бўйича келишиб олингани айтилади.






