Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 13-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида тарбиячи икки нафар болани битта жойга ётқизиб, ўрнига ўзи телефон ўйнаб ётгани акс этган видеолар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Маълум бўлишича, видео юзасидан 22 июнь куни вилоят Мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизмати журналист суриштируви ўтказган. Суриштирув чоғида ижтимоий тармоқда ёритилган видиолавҳа 13-МТТ ҳамшираси Нигора Мамажонова томонидан жорий йилнинг 15 апрель куни яширин тарзда, ғайирли мақсадда ёзиб олинганлиги аниқланди.
"Бу ҳақда видеоҳавола тасвирида кўринган тарбиячи Назокат Парпиева ўз тушунтиришларида баён қилиб ўтди. Унга кўра, Нигора Мамажонова хонага жуда оҳисталик билан кириб келган ва айни ўша пайтда тарбияланувчи дам олиши учун ажратилган ўринларнинг бирида ётган ёрдамчи тарбиячи Дилноза Ҳилолиддинованинг хатти-ҳаракатларини яширин тасвирга туширган.
Суриштирувларда маълум бўлишича, бу шахснинг муқаддам мазкур ташкилотда ёрдамчи тарбиячи бўлиб ишлаганлиги, аммо, ҳозирда тумандаги Педагогика коллежи талабаси бўлганлиги боис, жорий йилнинг 1 март кунидан ишдан четлатилганлиги маълум бўлди", - дейилади хабарда.
Ҳозирда ташкилот учун бегона саналувчи Дилноза Ҳилолиддинова воқеа куни 13-сонли МТТ директори Ноила Жўраева томонидан ҳақиқатдан ҳам Санитария меёрлари ва қоидаларига зид равишда 1 кунга ўриндошлик асосида ишга руҳсат берилган. Ташкилот директорининг бу ҳатти-ҳаракати учун тегишли мутахассислар томонидан Бошқарма бошлиғи номига тушунтириш хати олинди ва интизомий чора қўлланди. Айни пайтда унинг фаолиятида йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг бартараф этиш чоралари кўрилди.
Ўрганиш давомида ташкилотда 7 та куни узайтирилган, 4 та қисқа муддатли гурухлар мавжудлиги, уларда жами 220 нафар 3-7ёшли бола тарбияланаётганлиги, мазкур гуруҳлар учун Санитария меёрлари ва қоидалари асосида жой ажратилганлиги, кийиниш, овқатланиш ва дам олиш жойлари алоҳидалиги аниқланди. Хусусан, ташкилотда ташкил этилган 4 та қисқа муддатли гуруҳ учун 2 та хона ажратилган. Мазкур хоналарда икки сменада иш ташкил этилганлиги кузатилди.
Хабарда айтилишича, Н.М билан учрашиш, у билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Чунки у, бир неча кундан буён сабабсиз равишда ишга келмаётганлиги, уни ишга жалб этиш учун яшаш манзилига бир неча марта чақирув номалари жўнатилганлиги айтилди.
Поп туман ИИБ профилактика нозири, Илёс Меҳмоновга кўра, Нигора Мамажонова устидан ИИБга киритилган шикоят махмунидаги мурожаат терговга қадар суриштирувда кўриб чиқилаётганлиги айтилди.






