Айни дамда аёллар ҳуқуқлари бўйича жойларда 140 нафар тренерлар учун ўқув курслари бўлиб ўтмоқда.
Мазкур тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–87-сон Фармони ижросини таъминлашга қаратилган. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ўқув семинарининг асосий мақсади ҳудудларда тарғибот тадбирларини ташкил этувчи тренерларнинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда уларга берилаётган имтиёзлар мазмун-моҳияти ҳақида билим ва кўникмаларини кучайтириш ҳисобланади.
"Семинарда иштирокчиларга гендер тенглиги, аёлларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари, аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш масаласида, оилада аёллар ва болалар ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими, тўғрисида иштирокчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ўқув курсини якунлаган тренерлар иштирокида жойларда адлия бўлимлари ходимлари билан биргаликда тарғибот гуруҳларини шакллантирилиб, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳиятини аҳолига содда тилда ва тизимли етказишга қаратилган тарғибот тадбирлари амалга оширилади",-дея маълум қилинади.






