АсосийJamiyat

Бухорода жаҳон ҳамжамияти учун жуда муҳим ҳужжат қабул қилинади

'Бухорода жаҳон ҳамжамияти учун жуда муҳим ҳужжат қабул қилинади'ning rasmi

Ўзбекистонда “Декларациялар мулоқоти” халқаро форуми давом этмоқда. Шимолий Америка, Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларининг турли дин вакиллари, илоҳиётшунослар, диншунослар ва ҳуқуқшунослардан иборат делегациялари аъзолари 19 май куни тадбирнинг асосий қисмини ўтказиш ва “Бухоро декларацияси”ни қабул қилиш мақсадида қадим кентга  етиб келишди.

Дастлаб хорижлик меҳмонлар, мутахассис, экспертларга Ўзбекистон халқининг бой маданий ва маънавий мероси ҳақида маълумот берилди.

Иштирокчилар форумнинг дастлабки икки кунида бўлиб ўтган илмий-амалий семинарлар натижаларини, Марокаш, Жакарта, Потомак, Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган аввалги декларациялар қоидаларини муҳокама қилишмоқда. Диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасида тажриба ва фикр алмашишмоқда.

Жаҳонда юз бераётган бугунги тенденцияларни ҳисобга олиб, қабул қилинажак “Бухоро декларацияси”ни ҳар томонлама муҳокама қилган ҳолда, дунёнинг турли қитъа, минтақаларидан келган номдор илоҳиётшунослар, диншунос ва ҳуқуқшунослар ушбу ҳужжатда аввал қабул қилинган барча декларацияларнинг асосий тамойиллари акс этишига эришишни кўзламоқдалар.

Айни дам “Бухоро декларацияси”ни ишлаб чиқишда турли мамлакатлар кенг доирадаги вакиллари иштирок этиши мамлакатимизнинг эътиқод эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳасидаги сиёсати самарадорлиги халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан далолат.

Мазкур ташаббус қўллаб-қувватланаётгани, форумда таниқли диншунос олимлар ва илоҳиётшунослар - Бутунжаҳон мусулмонлар лигаси (КСА) Бош котибининг махсус элчиси Абдул Азиз Сархон, АҚШ Халқаро эътиқод эркинлиги бўйича комиссияси раиси Надин Маенза, Аргунгау (Нигерия) амирлиги амири Ал Ҳожи Самоил Муҳаммад Мер, Индонезия Фанлар академияси Маданият ишлари бўйича комиссияси раиси Амин Абдуллоҳ каби нуфузли меҳмонлар  иштирок этаётгани фикримиз тасдиғидир.

“Бухоро декларацияси” бутун жаҳон ҳамжамияти учун  маърифат ғоялари  ва бағрикенглик маданиятини илгари суриш, турли дин вакиллари миллий анъаналарини ҳурмат қилиш, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, глобал миқёсда  бунёдкорлик мулоқотини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари ҳокимиятлари томонидан ташкил этилган. Дастурга кўра, 20 май куни форум иштирокчилари Бухоронинг бой маданий-тарихий мероси билан танишадилар.

    Бошқа янгиликлар