Жарқўрғон тумани "Эскиқишлоқ" маҳалласида яшовчи фуқаро И.Рустамова (исм-шарифлари ўзгартирилган) жорий йилнинг 21 апрель куни вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилади.
Вилоят ИИБ Ахборот хизматининг маълум қилишича, мурожаатда, 2022 йилнинг апрель ойи Қумқўрғон туманида жойлашган "Ватанпарвар" автомактабида тўлов асосида ўқиганлиги, аммо ҳозирги кунга қадар ҳайдовчилик гувоҳномасини олмаганлиги айтилган. Шу сабаб ундан таниши "права"ни осонгина олиб бериши учун 2.000.000 сўм сўраган. И.Рустамова унга нисбатан қонуний чора кўришини сўраган.
Аризага асосан, вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро Х.Мухиддин Жарқўрғон туманида жойлашган “Шиваки” савдо дўкони олдида ариза муаллифи И.Рустамовадан кимёвий ишлов берилган пулларни санаб олган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ҳолат процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2022 йилнинг 17 май куни Жарқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Х.Мухиддинга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






