1

Тошкент вилоятига кўчган Финляндия: "краска", цемент ва ҳатто мих ишлатилмаган экокоттежлар... (фото)

ЖАМИЯТ 20.05.2022, 17:01
Теглар: Бўстонлиқ, Green Hills Resort
Тошкент вилоятига кўчган Финляндия: "краска", цемент ва ҳатто мих ишлатилмаган экокоттежлар... (фото)

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чимбойлик қишлоғида (Оқтош) янги дам олиш масканининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда дам олиш маскани ташкилотчилари томонидан юқори савияда ташкил этилди.

“Green Hills Resort” — яшил чўққилар дегани, жой ва манзара ҳам ўз номига мутаносиб. Масканга кириб боришингиз билан Сиз ўзга олам — яшиллик ва гўзаллик ичига тушиб қоласиз. Маскан ўзига хос шифобахш ҳавоси билан ҳайратга соладиган сўлим тоғ ҳудудида жойлашган. Очилиш маросимига ташриф буюрган меҳмонлар қаторида ОАВ вакиллари ҳам ана шу табиат гўзаллигига гувоҳ бўлишди. Тўрт томони тоғ билан ўралган 8 гектар майдонда муҳташам ва сўлим дам олиш маскани барпо этилган.  

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президентининг мамлакатда туризмни ривожлантириш ва хорижий инвесторларни жалб этишга доир қарорларининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижроси доирасида “Saipro group” компанияси томонидан амалга оширилди. Ҳудудда коттеж ва меҳмонхоналар, очиқ ўйин майдончалари, мини-футбол, шахмат, арқонли майдончалар ва ресторан мавжуд. Шунингдек, сузиш ҳавзаси бор, тоғ ён-бағирлари ва сойлар бўйлаб сайр қилиш мумкин.

12 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланган дам олиш масканини лойиҳалаш ва қуришда табиат ва фаол дам олиш ўртасида уйғунлик яратишга алоҳида эътибор қаратилган. 

Санжар Салихов, "Green Hills Resort” дам олиш маскани директори:

— "Green Hills Resort” ҳудудида бугунги кунда 11 та икки қаватли коттеж меҳмонларни қабул қилишга тайёр. Келгусида коттежлар сонини 40 тага етказиш режалаштирилган. Аҳамиятли жиҳати бу уйлар тўлиқ табиий ёғочдан қурилган. Яъни уларнинг қурилишида цемент, мих каби доимий қурилиш манбаларидан фойдаланилмаган. Улар тайёр ҳолатида Финляндиядан келтирилган ва "лего" кўринишида териб чиқилган. Хонага кирсангиз, ўзгача енгил руҳиятни ҳис қиласиз, чунки ёғочдан ясалган уйларга ҳатто "краска" ва лаклар ҳам ишлатилмаган. Барча-барчаси табиий ҳолатда барпо этилган. Дам олувчилар бундай уйларда шимолий ўрмонлар руҳи ва фин қарағайлари нафасини ҳис қилишади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу ҳаракатларнинг барчаси “Яшил Макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида давлат ташкилотлари кўмагида амалга оширилмоқда. Қурилиш жараёнида ҳудуддаги мавжуд барча дарахтлар сақлаб қолинди, қўшимча равишда яна 800 тупдан ортиқ турли навдаги дарахт кўчатлари экилди.  

Хўш, бу ерда дам олиш қанчага тушади?

Тўғрисини айтиш керак, дам олиш масканидаги ноёб манзара, табиий ландшафтлар ва энг замонавий кўринишдаги шароитларни кўриш учун аввало, ташриф буюрувчиларга нарх-наво масаласи аҳамиятли. Дам олиш маскани масъулларининг изоҳига кўра, табиат қўйнида жойлаштирилган уй коттежлари бир гуруҳ бўлиб ва оилавий келувчилар учун қулай қилиб жиҳозланган. Яъни яқинлар ёки оила билан 6-8 нафаргача бўлиб келиш ва битта коттежни банд қилиш мумкин бўлади. Бунинг учун мазкур битта коттежни спорт майдончаларидан фойдаланиш, нонушта ва яна бир қатор кўнгилочар машғулотлар билан бирга бир суткага банд қилиш ўртача 600 АҚШ доллари атрофида бўлади.  

Маълум қилинишича, мазкур жой йилнинг тўрт фаслида дам олиш учун мўлжалланган бўлиб, нафақат индивидуал ёки оилавий меҳмонларни қабул қилиш имкониятига эга, балки корпоратив тадбирлар, жумладан, конференциялар, форумлар, корпоратив юбилейларни нишонлаш, teambuilding каби тадбирлар учун ҳам мўлжалланган.

Очилиш маросимида Бош вазир ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ўзбекистонликларни яна бир такрорланмас кўринишдаги дам олиш маскани очилгани билан табриклади. Шунингдек, ёғоч уйларни етказиб берган (Финляндия) компания Бош директор ўринбосари-савдо бўйича директори Мария Туренкова дам олиш маскани раҳбариятига коттежларнинг сифат стандартлари ва экологик талабларга тўлиқ мувофиқлиги тўғрисидаги сертификатни топширди.

Шундан сўнг меҳмонлар эътиборига совринли ўйинлар ва таниқли ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида кўнгилочар концерт дастури тақдим этилди.

Яқин келажакда ушбу ҳудудда туризм, қишлоқ хўжалиги, экология ва спортни ўзида бирлаштирган кўп тармоқли кластер ҳамда кичик саноат кластерини яратиш мақсад қилинган.

Фарида Эгамбердиева,
Сардорбек Раҳмонқулов
 

Шарҳлар

Бўстонлиқдаги “Нанай” кўприги ёпилди

08.09.2022, 10:58

Бўстонлиқ тумани “Нанай” МФЙга олиб борувчи кўприк таъмирлаш ишлари сабабли вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ хабар қилмоқда. Маълум қилинишича, “Чорбоғ сув омбори ҳалқа йўли”нинг...
Бўстонлиққа дам олиш учун кетаётган фуқаролар машинаси жар ёқасида туриб қолди (видео)

30.09.2021, 11:24

Бўстонлиққа дам олиш учун кетаётган фуқаролар машинаси жар ёқасида туриб қолди.ФВВ воқеа юзасидан маълумот берди.Қайд этилишича, жорий йилнинг 26 сентябрь куни бир гуруҳ фуқаролар Тошкент...
Бўстонлиқда “Навқирон журналистлар” медиа-оромгоҳи иш бошлади (фото)

12.07.2021, 16:42

Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоцацияси жорий йилнинг 2 апрель куни ЎзЭОАВМА аъзоларининг умумий йиғилишида “Янги Ўзбекистон. Янги нигоҳ” миллий медиа дастурини тайёрлаб қабул...
Бўстонлиқ туманида савдога қўйилган ерлар ҳақида биласизми? (фото)

04.05.2021, 12:59

Туризм ва спорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Чорвоқ” эркин сайёҳлик зонаси ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги томонидан туризм лойиҳаларини амалга ошириш учун таклиф қилинган ва...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1