Ўзгидрометнинг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги айрим кузатув станцияларида шамолнинг максимал кучи 25 м/с га етди.
Қизилқум чўл ҳудудларида чанг ва қум бўронлари кузатилмоқда. Кўринувчанлик аста-секин пасаймоқда. Қум ва чанг бўронлари массаси ғарбдан шарққа томон ҳаракатланмоқда. Яқин орада йирик шаҳарлар Навоий ва Бухоро шаҳарларига ҳам бу ҳодиса етиб бориши мумкин.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида эсган кучли шамол кўп қаватли бино том ёпилмаси бир қисмини автомашиналар устига қулашига олиб келди.
ФВВ кучли шамол вақтида хавфсизлик чоралари ҳақида тавсиялар берди:
- яшаш жойларида эшик-деразалар, чордоқ ва ҳаво айланиш тизимларини маҳкам беркитиш;
- электр ва газ воситаларини ўчириш;
- кўчаларда дарахт ва электр устунлари тагида турмаслик;
- кўп қаватли бинолар балконларида, дераза токчалари ҳамда ташқаридаги буюмларни имкон қадар хавфсиз жойларга олиб қўйиш ёки мустаҳкамлигини текшириш;
- шамол кучайганда, мустаҳкам қурилган бинолар, ер ости ўтиш йўллари ва бошқа яшириниш мумкин бўлган жойларда муҳофазаланиш;
- очиқ майдонда юрган ҳолларда пастликлар, чуқурликлар ва барча хавфсиз ерларга ётган ҳолда ҳимояланиш;
- бузилган биноларга кириш, хавфли устунлар, реклама устунлари ва дарахтлар ортига яшириниш тақиқланади;
- кучли шамолдан сўнг электр ва газ жиҳозларидан улар текширилгандан кейин фойдаланиш талаб этилади.
Шу ўринда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги автомобилларни дарахтлар остида қолдирмасликни тавсия этади.






