1

Саховатпеша инсонлар Паркентдаги 7 нафар эҳтиёжманд оилага янги хонадон қуриб берди

ЖАМИЯТ 22.05.2022, 11:50
Саховатпеша инсонлар Паркентдаги 7 нафар эҳтиёжманд оилага янги хонадон қуриб берди

Юртимизда меҳр-мурувватли, саҳоватпеша инсонлар бисёр. Шундай инсонлар жамланган “Ҳиммат” ҳайрия фонди, “Ўзбекнефтгаз” АЖ қошидаги  “UNG petro”  корхонаси, Тошкент вилояти Паркент тумани ҳокимлиги ташаббуси билан бир гуруҳ эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган кўпболали оилаларга  7 та хонадон қуриб берилди. Жорий йилнинг 21 май куни Паркент тумани “Бошқозон қўрғони” маҳалласида қад ростлаган замонавий уйларни ўз эгаларига топширилди. Хонадонларнинг тантанали топшириш маросимида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ходимлари, “Ҳиммат” ҳайрия фонди вакиллари, Паркент тумани ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари иштирок этди.  

Жамол Алимов, “Ҳиммат” хайрия фонди етакчиси:

- 18 сотиҳдан иборат ушбу майдонни саҳоватпеша тадбиркор туҳфа қилди. 2021 йилнинг 22 декабрь ойида қурилиш ишлари бошланган эди. Яхшиларнинг дуоси, кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан бугун ушбу хонадонлар ўз эгаларига топширилмоқда. Бу лойиҳамиз давомий бўлиб, бундан кейин ҳам давом этади. Ўтган йили ҳам бир нечта моддий кўмакка муҳтож фуқароларга уй-жойлар туҳфа қилган эдик. Бундан ташқари фондимиз томонидан боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бор фуқароларга турли хил кўринишдаги ёрдамлар бериб келмоқдамиз.  


 

Дунёда ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлгани яхши, - дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ қошидаги “UNG petro” корхонаси бош директори Мирзоҳид Мусаев. – Юртимиздаги кўплаб яхши инсонлар ҳамкорлигида ташкил қилинган бу лойиҳа Тошкент вилоятидаги бошпанасиз, ногиронлиги бор, моддий ёрдамга муҳтож фуқароларга амалий кўмак бериб келмоқда. “Ўзбекнефтгаз” АЖ раисининг ташаббуси билан нефтгаз тизимида эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш ишлари йўлга қўйилган. Бугун умумий майдони 2,5 сотиҳдан 7 та хонадон тўлиқ таъмирланган ҳолатда, жиҳозлари билан қуриб битказилди. Шундай юртдошларимизни нафақат уй-жой муаммосига ёрдам берамиз, балки  “UNG petro” корхонаси таркибидаги 70 дан ортиқ АЁҚШлар фаолият юритади. У ерларда мавжуд бўлган бўш иш ўринларига ишга жойлашиши ишларини ҳам амалга оширмоқдамиз.

Хонадон топшириш маросимида янги хонадон соҳиблари тантанали тарзда кутиб олиниб, ҳомийлар томонидан совғалар ҳам тақдим этилди. Шундай хонадон соҳибларидан бири Нурметовлар оиласидир. Бугун рўзғор, оила ташвиши 4 нафар фарзанди билан ёлғиз қолган хонадон бекасининг зиммасида. Бахтига катта фарзанди Шаҳзод Жумабоев ҳам улғайиб, рўзғор камчиликларига кўмаклашмоқда. Бугунги кун қувончларини яширолмай, шодликларини биз билан бўлишди.

Шаҳзод Жумабоев, янги хонадон соҳиби:

- Биз Паркент тумани Чотқол қишлоғида яшардик. Бундан 4 йил аввал отам вафот этди. Мен ва укаларимни боқиш онамнинг зиммасига тушди. Биз ижарада яшардик. Яхши, саҳоватпеша инсонлар сабаб, бугун уйли бўлдик. Биз бу ишга ўз ҳиссасини қўшган барчадан миннатдормиз. Келажакда яхши ўқиб, юртимизга нафи тегадиган шахс бўлиб етишиш орзум. Мен ҳам биз каби қийинчиликка дучор бўлган оилаларга ёрдам қўлини чўзаман.

Инсонларга кўмак бериш, оғирини енгил қилиш ўзбек халқига хос бўлган  қадрият. Бугунги қувончли куннинг сабабчилари ҳам бу савобли ишлари орқали жпмиятимизда эҳтиёжманд оилалар сонининг камайишига умидвор. “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ҳиммат” ҳайрия фонди томонидан амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар яна давом этади.

Файзулло Яҳёев

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1