АсосийJamiyat

Сардор Умурзаков ОТБ вице-президенти билан учрашди

'Сардор Умурзаков ОТБ вице-президенти билан учрашди'ning rasmi

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Осиё тараққиёт банки (ОТБ) вице-президенти Ашок Лавас билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, томонлар инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий соҳаларда давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда қўшма лойиҳаларни кўриб чиқишган. 

Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

"ОТБ раҳбарияти сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида хусусий секторнинг ролини мустаҳкамлаш учун кенг имкониятлар яратилганини маълум қилди. Шу муносабат билан хусусий сектор лойиҳаларини, айниқса, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун Банк ресурсларини жалб қилишни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди",-дейилади хабарда.

Ашок Лаваса Банк ДХШ соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлаган. 

"ДХШ механизмларидан фойдаланган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги мактаб ва бошқа муассасаларни модернизация қилиш, шунингдек, Андижон ва Бухорода кўп тармоқли шифохоналар қуриш лойиҳаларининг ҳамкорлик кун тартибига киритилгани бундан далолат беради",-дея қайд этилади.

Учрашув давомида амалдаги лойиҳаларни илгари суриш, транспорт, электр энергияси ва соғлиқни сақлаш соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат-хусусий шериклик механизмини ишлаб чиқиш ва жорий этишга ОТБ мутахассисларини жалб қилиш, Ўзбекистонда тижорат банкларига тақдим этилаётган кредит линиялари ҳажмини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар келишиб олинган.

Шунингдек, алоҳида лойиҳа ва ташаббуслар билан боғлиқ масалалар, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларидаги бошланғич мактабларни модернизация қилиш ва жиҳозлаш дастури, “Ўрта таълимда STEM (фан, технологиялар, муҳандислик ва математика) методологиясини жорий этиш” лойиҳаси, шунингдек, “We-Fi” тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш дастури кўриб чиқилган.

    Бошқа янгиликлар