Айни пайтда Президент таълим муассасалари агентлигининг раҳбари Ҳилола Умарова бошчилигидаги Агентлик делегацияси Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этмоқда.
Форум доирасида бир нечта халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтяпти. Хусусан, Агентлик делегацияси доимий ҳамкори Cambridge Assessment International Education, Times Higher Education ва British Council ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашишди ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Бутунжаҳон таълим форуми Лондон шаҳрида бўлиб ўтмоқда.
Агентлик делегацияси иштирок этаётган Бутунжаҳон таълим форуми доирасида бугун таълим соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларнинг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Тақдимот ва учрашувлар давомида таълим соҳасида пандемиядан кейинги чора-тадбирлар, карантин шароитининг ўқитиш тизимига таъсири ҳамда таълимни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик каби масалалар муҳокама қилинаётганлиги айтилмоқда.
Хусусан, Cambridge University Press & Assessment ташкилотининг Бош ижрочиси Peter Phillips ўз тақдимотида Агентлик тизимидаги мактаблар билан ўзаро самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Маълумот ўрнида: Бутунжаҳон таълим форуми анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилади ҳамда таълим соҳасидаги дунёнинг энг нуфузли тадбирларидан бири ҳисобланади. Бу йилги форумда 1000 нафарга яқин мутахассислар иштирок этишмоқда.






