Шунингдек, бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Президент эндиликда яхши натижа кўрсатган мактаб директорлари, тренерлар ва бошқа мутахассисларга қўшимча 50 фоизгача устама тўланиши ҳамда жамоавий спорт турлари бўйича ҳудудий чемпионатларда спортчилари ғолиб бўлган тренерларга 5 фоиз, республика чемпионатида — 20 фоиз устама берилишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Спортни ривожлантириш вазирлигига:
- 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги шарт-шароитлар ва тренерларнинг малакасини жойига бориб ўрганиш ҳамда уларни олимпия спорт турларига ихтисослаштириш;
- ҳар бир спорт мактабини ўз ҳудудидаги маҳалла, мактаб ва техникумлар билан боғлаб, уларда камида 1 тадан олимпия спорти тўгаракларини ташкил этиш;
- йил якунигача спортчиларни маҳалладан бошлаб танлаб олиш бўйича электрон платформани ишга тушириш;
- натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
- спорт мактабларини тиббий асбоб-ускуналар, дори дармон ва спорт кийимлари билан таъминлаш учун жорий йилда 35 миллиард сўм ажратиш;
- 1 сентябргача мактаб, спорт мактаби, коллеж ва олийгоҳларнинг залларини ноолимпия спорт турлари клубларига бепул бериш тартибини жорий этиш топшириқлари берилди.
Умуман, вазирлик ва вилоят ҳокимлари ёшларнинг 43 фоизи (6 миллиондан ортиқ) оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги кўрсатилди.
Шунингдек, йиғилишда спорт мактаблари билан олимпия захиралари коллежлари ва олий спорт маҳорати мактаблари ўртасида селекция борасида узвий “занжир” йўлга қўйилмаганлиги ҳам айтиб ўтилди. Мисол учун, республикадаги 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 190 тасида 36 та олимпия спорт туридан бор-йўғи 10 таси ўргатилади. Оқибатда, халқаро мусобақаларда қатнашиш учун давлат барча ташкилий ва молиявий шароитларни яратиб бераётганига қарамасдан, Осиё ва жаҳон олимпия спорти бўйича чемпионатларида 5-6 нафардан совриндор чиқмоқда, холос. 6 та олий спорт маҳорати мактаби, 32 та олимпия спорт федерацияси олимпия захиралари коллежлари билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Коллежлардаги 9 мингга яқин спортчиларнинг 21 фоизи миллий терма жамоага кира олган, холос.
“Ваҳоланки, миллий терма жамоа таркибини айнан шу коллежлардан чиққан спортчилар ташкил этиши керак эмасми? Бу масала қайси вилоят ҳокимини қийнаяпти? Бирорта вилоят, туман ёки шаҳар ҳокими спортнинг барча турлари бўйича тизимли ишлашни йўлга қўя олгани йўқ”, - деди Президент.






