Жорий йилнинг 5 май санасида “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-767-сон Қонун қабул қилинди.
Бу билан "Солиқ кодекси"га қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Молия вазирлиги шу юзасижан шарҳ бермоқда.
Унга кўра, Солиқ кодексининг 75-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда тер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган юридик шахслар ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлайди.
Мазкур қўшимчанинг киритилиши натижасида кадастр ва солиқ органларига мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчилар, шунингдек, кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмаган айрим юридик шахсларнинг ҳисобини юритиш имконини беради.
Шу билан бирга солиқ кодексининг 317-моддаси 7-бандига киритилган қўшимчага кўра, Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига хайрия қилинган маблағлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланади.
Солиқ кодексининг 337 ва 467-моддаларига киритилган ўзгартишларга асосан эса, 2022 йил 1 июлдан бошлаб товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) электрон савдосини амалга оширувчи солиқ тўловчиларга фойда солиғи (15 % ўрнига 7,5 %) ва айланмадан олинадиган солиқни (4 % ўрнига 2 %) белгиланган солиқ ставкаларига нисбатан 50 фоиз камайтирилган солиқ ставкалари бўйича тўлаш имконияти берилди.
Маълумот учун, илгари мазкур имтиёз фақат Электрон тижорат субъектларининг Миллий реестрига киритилган солиқ тўловчиларга тақдим этилган.
Қайд этилишича, Солиқ кодекснинг 380-моддасига киритилган ўзгартишга кўра, болаликдан ногиронлиги бўлган шаxслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шаxсларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинмайдиган маблағлари миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,41 бараваридан (1 млн 159 минг сўмдан) 3 бараварига (2 млн 466 минг сўмга) оширилди.
Мазкур имтиёз 2022 йил 1 мартдан эътиборан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилиши айтилади.
Молия вазирлигининг берган шарҳига кўра, кодекснинг 428-модда иккинчи қисмининг ўн биринчи хатбошисига киритилган ўзгартишга мувофиқ, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ер участкаларини солиқ солишдан озод этишнинг имтиёзли даври 3 йилдан 5 йилгача узайтирилди.
Таъкиланишича, 483-моддас учинчи қисмининг биринчи хатбошиси ва тўққизинчи қисмига киритилган ўзгартишларга асосан, айрим вақтинчалик имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди, жумладан:
Ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек соя данагини олиб кириш, шунингдек ўсимлик ёғини (паxта ёғидан ташқари) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланмани қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича имтиёз муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.
Мазкур имтиёз 2022 йил 1 майдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
Гўштни (мол ва қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ҳамда уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек Ўзбекистонга олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилди.
Ушбу имтиёз 2022 йил 1 майдан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ этилади.
Солиқ кодексининг 483-моддаси ўн олтинчи қисм билан тўлдирилди, унга мувофиқ:
2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январга қадар Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари:
- фойда солиғини, айланмадан олинадиган солиқни, ижтимоий солиқни ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди;
- юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизи миқдоридаги солиқ ставкалари бўйича тўлайди.
Солиқ кодексининг 483-моддаси ўн еттинчи ва ўн саккизинчи қисмлар қисмлар билан тўлдирилди, унга мувофиқ:
- Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлик субектлари 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январга қадар ижтимоий солиқни 1 фоиз миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича тўлайди.
"Мазкур имтиёз бўялган мато, бўялган газлама ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилишдан олинган тушуми барча товарларни ва хизматларни реализация қилишдан олинган тушумининг камида 80%ини ташкил этадиган солиқ тўловчиларга нисбатан қўлланилади",-дея тушунтириш бериб ўтади вазирлик.