1

“1 миллион 420 минг”га қарши кураш... Ёхуд бандлик ва меҳнат муносабатларининг нозик жиҳатига бир назар...

ЖАМИЯТ 26.05.2022, 11:35
“1 миллион 420 минг”га  қарши кураш... Ёхуд бандлик ва меҳнат муносабатларининг нозик жиҳатига бир назар...

Дунё миқёсида 840 миллион одам ишсиз. Бу кўрсаткич юртимизда 1 миллион 420 минг нафарни ташкил қилади ва рақамлар мавсумга қараб ўзгариб боради. Ушбу саҳифада ана шу рақамлар ортидаги тақдирларга дахлдор муҳим маълумотларни тақдим этишни лозим топдик. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда жами 15 та ишсизликнинг олдини олишга кўмак берувчи касбга ўргатувчи мономарказлар бор. Хўш, бу қоғозда берилган рақамлар бугунги кунда амалда қандай исботини топяпти? Бундай марказлар қайси ҳудудларда ва қайси йўналишларда ишсизларга касб ўргат­япти? Ушбу марказда таҳсил олган ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланиши кафолатланганми? Бир сўз билан айтганда, уларнинг бандлигини таъминлаш учун ташкил этилган мономарказлар қанчалик ўз вазифасини бажара оляпти? Ушбу саҳифада ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Саҳифа эксперти эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқарма бошлиғи Ҳакимжон Абдуллаев.

ҚАЙСИ ҲУДУДЛАРДА БОР?

— Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда барча вилоят марказларида касбга ўргатувчи мономарказлар мавжуд. Сурхондарёнинг эса иккита ҳудудида – Ангор ва Денов туманида ана шундай марказлар фаолияти йўлга қўйилган. Қолаверса, яқин кунларда Қарши шаҳри мономарказининг Косон филиали ҳам ўз фаолиятини бошлади. 

ҚАЙСИ ЙЎНАЛИШЛАРДА КАСБ ЎРГАТИЛАДИ?

— “Ишга марҳамат” мономарказларида банд бўлмаган аҳолига бир неча турда хизматлар кўрсатилади. Хусусан, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, хорижий тиллар, рақамли технологияларга ўргатиш. Шунинг­дек, тадбиркорлик асослари, молиявий саводхонлик ва бизнес кўникмаларига ўқитиш, хорижда ишлаш истагини билдирган фуқароларни ушбу давлатнинг маданияти, тили, қонунчилигига мослаштириш, кўниктириш ва психологик ёрдам бериш. 

ҚАЕРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШАДИ?

— Вақтинча ишсиз, касб-ҳунарсиз фуқаролар “Ишга марҳамат” мономарказларида ўқиш истагини билдирса, ўз яшаш ҳудудида фаолият олиб бораётган Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишлари мумкин.

КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИГАН ИШСИЗЛАР ИШЛИ БЎЛДИМИ?

— Мономарказлар ишсиз фуқароларнинг банд­лигини таъминлашга кўмаклашади. ­Ижтимоий-иқтисодий танг ҳолатдаги оилалар, имконияти чекланганлар,  кам таъминланганларга меҳнат фаолиятини бошлаши, тадбиркорлигини йўлга қўйиши учун кредит, субсидия олиш ва асбоб-ускуналар билан таъминланишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳудудий “Ишга марҳамат” мономарказларида 2021-2022 йилларда Бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида 18199 нафар ишсиз ва иш қидираётган аҳоли қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитилиб, улардан 13106 нафари ҳозирги кунда турли корхона ва ташкилотларда, қолаверса ўз-ўзини банд қилган ҳолда меҳнат фаолиятларини олиб бормоқдалар.

ҲОЗИР ЎҚИЁТГАНЛАР ҚАНЧА?

— Мономарказларда энг асосий хизмат тури бу аҳолини қисқа муддатда ва сифатли касб-ҳунарга ўқитиш. Ҳозирги кунда эса республика миқёсида мономарказларда 8735 нафар аҳоли, шундан 7092 нафари Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан берилган йўлланма орқали ўқимоқда. Йил чораклари давомида касбга ўқитиш кўрсаткичини солиштирадиган бўлсак, фақатгина рақамлар ортиб бораётганини кўришимиз мумкин.

ЎҚИШ ПУЛЛИМИ ЁКИ?

— Мономарказда ҳудудий меҳнат органлари томонидан рўйхатга олинган ишсиз ва иш қидираётган шахслар, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда “labor-migration” дастурий мажмуасида рўйхатга олинган фуқароларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Давлат жамғармаси маб­лағлари ҳисобидан тўғридан-тўғри шартномага асосан бепул амалга оширилади.

Ушбу тоифада назарда тутилгандан ташқари шахсларни тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитиш, касб-ҳунарга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш фуқароларнинг ўз маблағлари, буюртмачилар маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАНЛАР ҲАМ ЎҚИШИ МУМКИНМИ?

— Сўнгги вақтларда Президентимиз ташаббус­лари билан ногиронлиги бор фуқароларни ҳам инклюзив усулда ўқитиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда 400 нафардан ортиқ ногиронлиги бор фуқаролар касб ўрганишди. Уларга бу борада шарт-шароитлар яратилди. Хусусан, сурдотаржимон бириктирилди, олис ҳудудларда эса ётоқхоналар ташкил этилди. 

ЎҚУВ ЖАРАЁНИ ФАҚАТ НАЗАРИЙМИ ЁКИ?

— Мономарказларда ўқув машғулотлари WORLDSKILLS стандартларига асосан 30% назарий ҳамда 70% амалий тарзда ўзлаштирилади. Ўқув курси учун ўқув соатлари ҳамда ўқув фанларини тақсимлашда ишлаб чиқариш корхоналари, ҳудудий меҳнат бозори талаб ва имкониятлари ҳамда тегишли соҳа мутахассислари фикрлари инобатга олинади. Қолаверса, мономарказда якуний малака имтиҳонлари иш берувчи корхона ва ташкилот мутахассислари иштирокида амалга оширилади. Бу эса ўқишни тамомлаётган тингловчиларнинг ишга жойлашиши учун муносиб ечим бўлади. Шунингдек, айрим “Ишга марҳамат” мономарказларига чет-эллик машҳур корхоналар билан ҳамкорликда мутахассислар жалб этилиб, ўқув машғулотлари олиб борилмоқда. Ўқув жараёнларида фуқароларимиз чет тилларига ҳам ўқитилиб, келажакда хорижий мамлакатларга ҳам шартнома асосида ишга юбориш режалаштирилган.

“Ишсиз фуқародан иш берувчига айландим”

Муҳайё АРИПЖОНОВА, Сирдарё вилояти:

— “Аёллар дафтари”да турганим боис, Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан Гулистон шаҳрида ташкил этилган “Ишга марҳамат” мономарказига ўқиш учун йўлланма берилди. У ерда ташкил этилган косметология курсида 3 ой давомида таҳсил олдим. Курсни имтиёзли тамомлаб, ишга жойлашдим. Бугунги кунда ўз тадбиркорлик фаолиятимни олиб бориб, 4 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминладим. 

“Мен ҳам жамиятнинг тўлақонли аъзосиман”

Раимбек ОТАБЕКОВ, Фарғона вилояти:

— Жисмонан имкониятим чекланиб, ўз оёқларим билан юриш имкониятидан маҳрум бўлган бўлсам-да, ҳаётга бўлган интилишим жуда юқори. Компью­тер воситалари, IT соҳасига қизиқишим баланд. Шу сабабдан ҳам Фарғона шаҳрида фаолият олиб бораётган “Ишга марҳамат” мономарказига қатнаяпман. Бу ерда малакали устозларимдан бу соҳанинг сир-асрорларини ўзлаштиряпман. Келажакда яхши компьютер устаси, дастурчи бўлиб етишмоқчиман. Ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйиб, ўзим каби инсонлар учун иш ўринлари яратмоқчиман.

“Ҳунар ўрганишнинг эрта кечи йўқ”

Нозимбек ШОКИРОВ, Тошкент шаҳри:

— Ёшим 53 да бўлса ҳам, Тошкент шаҳрида жойлашган “Ишга марҳамат” мономарказининг “Пайвандчилик” ўқув курсида таҳсил олмоқдаман. “Йигит кишига қирқ ҳунар оз” деганларидек, бу ерда пайванд­чилик билан бир қаторда “Сантехника” ҳунарини ҳам ўрганмоқдаман. Ўқишни тамомлаганимиздан сўнг бизга сертификат берилишини айтишди. Энг қувонарлиси, бу сертификат нафақат юртимизда, балки чет мамлакатларда ҳам тан олиниб, иш билан таъминланишингизга асос бўлади. Мен ҳам келажакда бу ҳунарларнинг сир-асрорларини мукаммал ўрганиб, шогирдларимга ҳам ўргатишни ният қилганман.

Хулоса ўрнида

Дунёда иқтисодий нобарқарорлик кузатилаётган бир даврда, ҳар бир фуқаро ўз даромад манбаини яратиши, касб-ҳунар ўрганиши янада долзарб бўлмоқда. Ҳар ким ўзида меҳнаткашлик ва интилувчанликни шакллантира олса, ишсизлик муаммоси камайишига ҳисса қўшиши шубҳасиз. Ҳар ҳолда бунинг учун имкониятлар борлигини эса юқорида келтирилган маълумотлар тасдиқлайди.

Дарвоқе...

Агар сизда ишсизлик борасида мурожаат, фикр-мулоҳазалар ва таклифлар бўлса, ҳар ҳафта душанбадан жумага қадар соат 10:00 дан 16:00 гача таҳририятнинг (+998 95) 194-64-16 телефон рақамига қўнғироқ қилиб ёки телеграмдаги @darakchipochta манзилига йўллашингиз мумкин. Биз эса яна мавзуга қайтамиз.

Файзулло ЯҲЁЕВ тайёрлади.
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 26 май, 21-сон. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1