Бугунги кунда ҳудудларда 35 та текстиль-бўёқ ва 14 та терини қайта ишлаш бўйича янги лойиҳалар тайёрланган. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати ёзмоқда.
Шу муносабат билан йил якунига қадар текстиль-бўёқ ва терини қайта ишлаш бўйича индустриал парклар ташкил этиш, замонавий тозалаш иншоотларини қуриш бўйича лойиҳаларни бошлаш вазифаси қўйилди.
Мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга ушбу ишлар ҳисобидан 20 мингта иш ўрни яратиши, қўшимча 250 миллион доллар экспортни таъминлаши шартлиги таъкидланди.
Бухоро, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилояти, Фарғона тадбиркорлари бу имкониятдан фойдаланиб, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 630 млн долларлик янги лойиҳаларни бошлаш ташаббуси билан чиққан. Уларни инфратузилма билан таъминлаш учун жорий йилда 120 млрд. сўм ажратилади.
Бошқа ҳудудлардан ҳам янги лойиҳа таклифлари бўлса, улар учун яна 50 млрд. сўм ажратилиши таъкидланди.
Йиғилишда Самарқандда 300 гектар майдонда янги махсус саноат зонаси ташкил этилиши белгиланди.
Саноат зоналарига лойиҳани жойлаштириш тартиби қайта кўриб чиқилиб, бюрократиядан холи янги тизим яратилиши таъкидланди. Жумладан:
- эркин иқтисодий зоналарда амалга ошириладиган лойиҳаларни экспертиза қилиш ваколати Инвестициялар вазирлигига ўтказилади;
- саноат зоналари бўйича маъмурий кенгашлар тугатилиб, уларнинг ваколатлари Инвестициялар вазирлигига берилади;
- саноат зоналари иштирокчиларига имтиёзларни қўллаш учун Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказининг хулосасини олиш тартиби бекор қилинади. Бундан буён назоратни Давлат божхона қўмитаси амалга оширади;
- саноат зоналаридаги ерлар аукционга дирекциялар томонидан чиқарилади (ҳозирда ҳокимлик томонидан аукционга қўйилади);
- инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилганидан кейин кичик саноат зоналаридаги объектларни хусусийлаштиришга рухсат берилади.
Буларнинг ҳисобига, саноат зоналарига лойиҳаларни жойлаштириш жараёнидаги босқичлар амалдаги 5 тадан 2 тага камаяди, сарф қилинадиган вақт 3 ойдан 1 ойгача қисқаради.






