АсосийJamiyat

Ҳар таътилда шу бўлар такрор... Ёхуд умумтаълим мактаблари таъмири учун масъуллар нега ўз мажбуриятини бажармаяпти?

'Ҳар таътилда шу бўлар такрор... Ёхуд умумтаълим мактаблари таъмири учун масъуллар нега ўз мажбуриятини бажармаяпти?'ning rasmi

Одатга кўра, ҳар ўқув йили тугагач, янги ўқув йилига тайёргарлик  умумтаълим мактаблари, синфхоналар таъмирланишидан бошланади. Сўнгги кунларда жорий ўқув йили ниҳоясига етиш арафасида ижтимоий тармоқларда мактаб таъмирига ота-оналар томонидан пул йиғилаётганлиги масаласи кенг муҳокама қилинди. Халқ таълими вазирлиги мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғилиши ноқонуний эканлигини, бу жараёнларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармон ва Қарорларида умумтаълим мактаб­ларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъуллигини эслатиб ўтди... Шунингдек, мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғилиши ҳолатлари кузатилса, фуқаролар вазирликнинг ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини маълум қилди. Хўш, унда нега маҳаллий ҳокимликлар бу мажбуриятларини бажармаяпти? Мактаблар таъмири учун аслида маҳаллий ҳокимликлар бюджет ажратадими? Уни қандай тақсимлайди? Ушбу саҳифада шу каби саволларга жавоб топамиз.  

Умумтаълимга бефарқ бўлмаган фаолнинг фикрича...

Айнан умумтаълим тизими борасидаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ижтимоий тармоқнинг фаол фойдаланувчиси Улуғбек Пўлатов бу масалага ўз фикр-мулоҳазаларини билдираркан, бу йил ҳам одатдагидек ўқитувчи ва ота-она­лардан мактаб таъмири учун пул йиғиш ишлари бошланиб кетгани, қонунчиликда “ремонт” учун пул йиғиш тақиқланган бўлса-да, аммо бу ҳолат ҳар йили такрорланаверишини ёзади. Бунга сабаб сифатида эса, бундай ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилмаган, дея келтирган у. Шунингдек, фаолнинг келтиришича, “ҳар йили мактаблар учун ажратиладиган харажатлар сметаси очиқ ва шаффоф эмас. Чунки, харажатлар сметаси директор томонидан тасдиқланса-да, бош ҳисобчи ва иқтисодчилар томонидан сарф қилинади. Бу ходимларни эса назорат қилиш имконсиз. Чунки улар халқ таълими бўлими мудирига бўйсунади. Таъмир учун ажратилган ҳом-ашё айнан қанча маблағга олинган, деган саволга эса жавоб топиш мушкул.

Ҳокимликлар томонидан ажратиладиган маблағлар ҳақида ҳам очиқ баёнот берилмайди. Шу сабабли мактаблар таъмири учун керакли материаллар ажратилган тақдирда ҳам улар тўлиқ жойларга етиб бормаслиги мумкин. Кўп жойларда мактаблар ота-оналар ҳомийлиги асосида таъмирлаш кераклиги таъкидланади. Лекин, ўша ҳомийни ким топади? Директорми? Синф раҳбарми? Ҳомий топилган тақдирда ҳам улар бутун бошли мактабни таъмирлаб беролмаслиги аниқ”.

“Бу масаланинг  ечими қаерда?”

Улуғбек Пўлатов бу саволга ҳам қуйидагича жавоб бериб ўтган:

— Мана шундай молиявий етишмовчиликларни бартараф этиш учун мактабларда “ваучер” тизимини, яъни бола бошига молиялаштиришни тезроқ жорий этиш керак. Бу тизимга ўтилса, мактаб­ларга ўқувчилар сонига қараб бюджетдан маблағ ажратилади. Ҳокимликлар эса қайси мактабга қанча маблағ ажратганлигини очиқлаб, ҳисобот бериши керак. Шундагина йиғди-йиғдиларга барҳам берилади.

Бир маҳаллий  ҳокимлик мисолида...

Алишер ХАТАМОВ, Чилонзор туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий  

ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:  

— Бугунги кунда Чилонзор туманида 33 та мактаб жойлашган. Ушбу мактабларнинг 5 таси қувватига нисбатан паст қамровли (0,9 коэффициентга эга) ва 5 таси юқори қамровли (2 коэф.дан ортиқ) мактабларни ташкил этади. Жами мактабларнинг 5 таси I сменада, 25 таси II сменада фаолият юритади.  Тумандаги умумий ўртатаълим мактабларида жами 45 450  нафар ўқувчи бўлиб, уларга 2420 нафар ўқитувчи таълим беради.

2021 йилда маҳаллий бюджет томонидан 17,2 млрд. сўм маб­лағ ажратиб қуйидаги ишлар амалга оширилди: 13 та (79, 90, 114, 128, 138, 162, 164, 173, 182, 184, 281, 201, 202) умумтаълим мактабларида 4,6 млрд. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ–4936 – сонли қарорига асосан туманда 3 та (131-,179-, 200-) таълим муассасаларида мукаммал таъмирлаш ишлари тугалланиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ ва Обод маҳалла дастурини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5048 – сонли қарорига асосан туманда 163–сонли умумтаълим мактаби ҳамда Баркамол авлод болалар мактабида қурилиш- таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга Вазирлар Маҳкамасининг 284–Ф–сонли қарори асосида 19 та умумтаълим мактабларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари 79–, 90–114–, 138–, 182–, 184–, 201–, 281–сонли умумтаълим муассасаларида маҳаллий бюджет ҳисобидан муассасаларнинг иссиқлик тизими, том қисми ва спорт залларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, умумтаълим муассасаларида 2021–2022 ўқув йилида депутатлар томонидан ажратилган маблағларга мактаб ҳожатхонаси ва ювиниш хонаси учун сувни иситиб бериш учун (Аристон) мосламаси тўлиқ ўрнатилди.

“Очиқ ташаббус бюджети”дан 3 та мактаб таъмирланади”

— Чилонзор туманида жойлашган ижтимоий–иқтисодий вазиятни яхшилаш ҳамда фаоллар томонидан билдирилган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси”да кўзда тутилган ишларни олиб бориши юзасидан манзилли Дастур бўйича 6 та (168–, 173–, 178–, 182–, 188–, 202-) мактабда спорт майдонча ва том қисмларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди.  

Туман таълим муассасаларини  куз-қиш мавсумига тайёрлашда барчасида иссиқлик тизимларини профилактик  таъмирлаш ва босим остида ювиш хамда техник хизмат кўрсатиш  ишлари тўлиқ амалга оширилди.

2022 йил давлат инвестиция дастурига Чилонзор туманидаги умумтаълим мактаблари киритилмаган.

2022 йил “Обод маҳалла” давлат дастурига 184–сонли умумтаълим мактаби (Қатортол МФЙ) ҳамда 232–сонли умумтаълим мактаблари (Домбирабод МФЙ) киритилиб, таъмирлаш ишлари ўқув йили якунланиши билан бошланиши кўзда тутилмоқда.

Очиқ ташаббус  бюджети ҳисобидан 3 та мактабда (138-, 200-, 270-мактаблар) жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиш режалаштирилган.

Бундан ташқари 3 та мактабнинг спортзаллари, 4 та мактабнинг ҳожатхоналари, 1 та мактабнинг иссиқлик тизими, 1 та мактабнинг ошхонаси жорий таъмирлаш кўзда тутилган. Жорий йилда хомийлар томонидан 3 та муассаса худудида (66-, 173-, 184- мактабларда) янги спорт майдонлари барпо этилди.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Биргина туман мисолида вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик. Мактабларда белгиланган режа асосида жорий ва капитал таъмир амалга оширилган. Бошқа ҳудудларда ҳам эҳтимол, шундай амалий ҳаракат бордир, унда нега ота-она­лардан ҳар йили мактаб таъмирига пул йиғилиши керак? Бизнингча, ҳатто бундай вазиятда ҳомийлик маблағлари талаб қилиниши ҳам ўринсиз. Бу борада бизнинг таклиф қуйи­дагича: шундай тизим йўлга қўйилиши керакки, барча маҳаллий ҳокимликлар айнан мактаб таъмири учун ажратилган маблағ ва унинг мақсади ҳақида алоҳида электрон портал орқали очиқ маълумотларни тақдим этиб борсин. Ҳар бир мактаб таъмирига оид вазиятни ота-она бемалол кузата олиш имконига эга бўлсин. Мактаб маъмуриятига нисбатан эса, ихтиёрий ҳомийлик маблағларини нақдда қабул қилинишига нисбатан чора қатъий кучайтирилиши керак ва фақатгина ҳисоб рақамга туширилишини таъминлаш учун жавобгарлиги оширилиши шарт. Шундагина, бу масалада адолат бўлиши мумкин. Акс ҳолда, "ёпиқлик қозон ёпиқлигича" қолиб кетаверади ва норозилик давом этаверади... Натижада йиғилган пулларнинг самарасини кўришимиз амри маҳол бўлиб қолаверади... Шундай экан, биз бошқа маҳаллий ҳокимликларнинг ҳам маълумотларини очиқлаб боришга ҳаракат қиламиз...  

 

Файзулло Яхёев, 
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 26 май, 21-сон.

    Бошқа янгиликлар