Фарғона вилояти Фарғона шаҳридаги Юксалиш кўчасида Истиқлол кафеси ва вилоят касалхонаси ўртасидаги боғда 11 дона манзарали дарахт кесиб ташланди. Ҳолат юзастдан вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда "Замон" нашри ёзди.
Маълум қилинишича, мазкур дарахтлар Марғилон шаҳар Лола кўчаси 21-уйда яшовчи фуқаро (“ИКАТ Водий” МЧЖ раҳбари) А.Абдуллаев томонидан ноқонуний кесиб кетилган. Ҳудудда 7 қаватли Анкология-диогностика марказининг қурилиши режалаштирилгани сабабли дарахтлар ўзбошимчалик билан кесилган, уларнинг кесилишига вилоят Экология бошқармаси томонидан рухсат берилмаган.
Шунга қарамасдан, ўзбошимчалик билан фуқаролар қурилиш ишларига халақит қилаётган кўп йиллик манзарали дарахтларни ишчиларни ёллаш орқали тунда кесиб, юк машиналарига юклаб олиб кетган.
Ҳозирда дарахтларни юклаб олиб кетган 5 та юк машиналари аниқланиб, Фарғона шаҳар автомашиналарини сақлаш жарима майдончасига вақтинча жойлаштирилган. Ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.