АсосийJamiyat

“Энди ишсиз қоламизми?”... Халқ таълими вазирлигининг янги қарор лойиҳаси ўрта махсус маълумотли, аммо кўп йиллик стажга эга ўқитувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди...

'“Энди ишсиз қоламизми?”...  Халқ таълими вазирлигининг янги қарор лойиҳаси ўрта махсус маълумотли, аммо кўп йиллик стажга эга ўқитувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди...'ning rasmi

Сал аввал regulation.gov норматив ҳужжатлар лойиҳалари муҳокалари порталига «Умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ўқитувчиларни педагогик стажи асосида сиртқи таълим шакли бўйича олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби» тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилгани эди. 11 май куни ўз ниҳоясига етган муҳокамаларда 4022 нафар кўришлар бўлган бўлса, шундан 3249 та изоҳлар ёзилган. Яъни лойиҳа билан танишганларнинг қарийб 81 фоизи ушбу таклифга ўз муносабатларини билдиришган. Нашримизга ҳам ўтган ҳафтада йўлланган мурожаатларнинг асосий қисми айнан шу лойиҳа ҳақида бўлди. Мавзу доирасида муштарийлар билдирган муносабатларнинг аксарияти эътирозли мазмунда. Яъни улар лойиҳа айнан ўрта махсус маълумотли педагогларнинг бугунги шароит ва имкониятларига номутаносиб, дея баҳолашмоқда...

ЯНГИЛИККА НОМУТАНОСИБ ШАРОИТ

Роҳила РЎЗИЕВА, Фарғона вилояти Данғара тумани:

  • Мен ўрта-махсус маълумотли бошланғич синф ўқитувчисиман. 23 йиллик иш стажига эгаман. 2 фарзандимдан бири – ўғлим шартнома асосида ўқийди. Қизим ҳам бу йил ўқишга топширади. Турмуш ўртоғим ёлланма ишчи. Соғлиғи ҳам яхши эмас – гепатит “С”. Мен каби кўп йиллик стажга эга ўрта масхус педагогларга стаждан келиб чиқиб ишлашга шароит яратилиши ёки махсус сиртқи гуруҳлар очилишини илтимос қиламиз.

“КЕЛИН БЎЛИБ ТУШГАН ЖОЙИМИЗДАН “ЎҚИЙМАН” ДЕЯ ОЛМАГАНМИЗ”

Гулзира Талганбаева, Тошкент вилояти, Зангиота тумани:

  • 15-20 йил давомида мактабда таълим-тарбия берган устозларни мактаб битирувчилари билан тенглаштириб, имтиҳон олиниши энг оғриқли нуқтамиздир. Айниқса, биз аёллар менталитетимиздан келиб чиқиб, келин бўлиб тушган хонадонда ўша вақтда “ўқийман” дея шарт қўя олмаганмиз ва ўрта-махсус маълумот билан таълим бериб келганмиз.

 

“БАРЧАСИ ЎҚИШЛАРИ УЧУН 80 ЙИЛ КЕРАК БЎЛАДИ”

Гулжамол ТОҒАЕВА, Навоий вилояти Навбаҳор тумани:

  • 22 йил мактабда меҳнат қилиб, шунча шогирд етиштириб, бугунги кунда “ўрта махсуссан” деган таънани олдик. Далада пахта терган ҳам, йўлда ўт чопган ҳам ўрта махсуслар эди. Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар бор. Ҳар йили 500 та мақсадли квота ажратилса, барчаси ўқишлари учун 80 йил керак бўлади.

“КАМСИТИЛЯПМИЗ...”

Дурдона ҲАЙДАРОВА, Андижон вилояти Хўжаобод тумани:

  • Биз ўрта маълумотлилар йиллар давомида ишлаб, ҳозирда ўқишни битириб келган устозларга иш ўргатадиган пайтимизда бизга айтилган гаплар, берилган огоҳлантириш хатлари юрагимизга наштардай санчиляпти. Шу бир парча қоғоз, деб камситиляпмиз.

“АБИТУРИЕНТЛАР ҚАТОРИ ЎҚИШГА ТАЙЁРЛАНА ОЛАМИЗМИ?”

Зилола ЗАРИПОВА, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани:

  • Билим даражамиз олий маълумотли ўқитувчилардан кам бўлмаса-да, мавқеимиз оёқости бўляпти. Синфимдаги бир ўқувчи Президент мактабига ўқишга қабул қилинди. Лекин бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Танловлар, тоифалар биз учун олиб ташланди. Бу адолатсизлик! Биз ахир абитуриентлар қатори ўқишга тайёрлана оламизми?

“ТАЪЛИМ СИФАТИ ДЕЙИЛАЁТГАН МАНТИҚ ҚАНИ?!”

Муҳайё САЙФИДДИНОВА, Андижон вилояти Асака тумани:

  • 27 йилдан бери болаларга таълим бериб келаман. Лекин гўёки энди биз ўрта-махсус маълумотли педагоглар таълим беришга нолойиқмиз. Лекин 4 йил пахтачилик, машинасозлик, қўйингки, исталган бошқа йўналишларда олийгоҳни битириб, ундан сўнг ўз йўналиши қолиб, 6 ойгина педагогиканинг исталган йўналишида ўқиб келиб, мактабларда олий маълумотли педагог сифатида мактабларда фаолият юритишяпти. Қани бу ерда таълим сифати дейилаётган мантиқ?

 

НИМА ТАКЛИФ ҚИЛИНМОҚДА?

Муҳокамалар порталида ҳам, таҳририятимизга ҳам келган мурожаат ва таклифларнинг деярли 99 фоизи бир хил мазмунда ва улар кўп нарса сўрашмаяпти: 

- ўқитувчилар иш стажини ҳисобга олган ҳолда, 3 йиллик махсус сиртқи олий таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиниши; 

- 40 ёшдан ошган ёки 20 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ўрта-махсус маълумотига эга ўқитувчиларга ишлаш учун рухсат берилиши энг кўп сўралган.

Ўқитувчилар халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовдан яхши ташаббуслар кутишмоқда!

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ,
"Даракчи" газетаси, 2022 йил 26 май, 21-сон.

    Бошқа янгиликлар