АОКАда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда аҳолидан келиб тушган муҳим саволларга жавоб қайтарилди.
"Менинг бир танишим оилавий сирларимни қасддан тарқатмоқда. Ушбу ҳолатда нима қилишим лозим? Бу каби ҳаракатлар учун жавобгарлик мавжудми?"
Шахснинг оилавий сирини унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда тарқатган шахсга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, 10 млн 800 минг сўмгача жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу ҳаракатлари учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахс яна шундай ҳаракатни амалга оширса, Жиноят кодексига мувофиқ жазоланади.
Сиз бундай ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишингиз мумкин.






