Бугун Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлган. Йиғилишда дастлаб шу давргача Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қабул қилинди.
Унинг ўрнига “Капиталбанк” АТБ Бошқарув раиси Мақсуд Абдусаматов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси этиб сайланди.

“Авваламбор, менга билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Ҳозирда ушбу спорт ва қиличбозлик оиласининг ичига кириб, вазият билан яқиндан танишмоқдаман. Ўрганишлар асосида янги истиқболли режаларни шакллантирамиз. Олдимизда турган йирик мусобақаларда спортчи ва мураббийларимизнинг муваффақиятга эришишлари учун барча шароитларни яратиб берамиз” – деди Мақсуд Абдусаматов.
Сўнг кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги бош котиб сайланди. Унга кўра, ушбу вазифада фаолият кўрсатиб келган Гулнора Саидова мазкур лавозимга қайта сайланди.






